«Локомотив» яна бир етакчисини сотиб юборди

Спорт 17 Январь 2017 11367

«Локомотив»ни жамоанинг асосий таркиб футболчиларидан яна бири, ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов тарк этди. У ўтган мавсум олий лиганинг барча ўйинларида майдонга тушган саноқли футболчилардан бири бўлганди.

Тошкентликлар жамоаси матбуот хизмати хабарига кўра, у ҳам ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов сингари Қатарнинг «Ас-Сайлия» клубига ўтган. 

Санжар Шоаҳмедов 16 январь куни тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган ва янги жамоаси билан бир ярим йилга мўлжалланган шартнома имзолаган. Эндиликда у ҳам фаолиятини Қатар Юлдузлар Лигасида давом эттиради.

Ўтган мавсум чемпиони бўлган «Локомотив» қишки трансфер бозорининг ўзида уч етакчи футболчиси билан хайрлашди. Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедовдан олдинроқ Сервер Жепаров Эроннинг «Истиқлол» клуби аъзосига айланганди.

«Локомотив» уларнинг ўрнига икки нафар африкалик легионер футболчи билан шартнома имзолаган. Булар ивуарлик ҳимоячи Моҳамед Коне ва ҳужумчи Гноҳоре Кризо.

Аввалроқ «Локомотив» клуби «Насаф» ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиев ва «Олмалиқ» ярим ҳимоячиси Диёр Туропов билан шартнома тузганди.

Кўпроқ янгиликлар