ОАВ: Машҳур "Маракана" стадиони харобазорга айланмоқда

Спорт 17 Январь 2017 9670

Бразилиянинг энг машҳур спорт иншооти - "Маракана" футбол стадиони – бошқарув компания унга қараш бўйича сарф-харажатлардан бош тортгани туфайли қаровсиз ҳолатга келди. "Фолья ди Сан-Паулу" газетасининг хабар беришича, Odebrecht ("Одебрехт") қурилиш концерни суднинг бу фирмага Рио-де-Жанейро шаҳрининг тимсолларидан бирини яхши ҳолатга келтириш бўйича вазифаларни бажаришга дарҳол қайтиши борасидаги қарорига қарши шикоят аризаси билан чиқмоқчи.

Рио-де-Жанейро штати ҳукумати стадионни бошқариш бўйича ҳуқуқни Odebrecht (95 фоиз акциялар) ва AEG (5 фоиз акциялар) компаниялари томонидан махсус ташкил этилган Maracana S. A. акциядорлик жамиятига 2013 йилда берганди. Ушбу шартнома муддати 30 йилдан иборат. Бироқ Бразилияда ўтган йилнинг ёзида ўтказилган Олимпия ўйинларидан аввал  "Маракана"га қараш ҳуқуқи вақтинчалик мусобақалар ташкилоти билан шуғулланган "Рио-2016" ташкилий қўмитасига топширилган.

Эндиликда Odebrecht спорт иншоотини ўз бошқарувига олишдан бош тортмоқда. У "Рио-2016" кўзда тутилган ишларнинг бир қисми бажарилмаганини иддао қилмоқда. Рио-де-Жанейро штати судьяси Фернанда Лузада ўтган жума куни бу асос Maracana S. A.’ни стадион билан боғлиқ мажбуриятларидан озод этмаслиги тўғрисида қарор чиқарди. Бироқ у якуний эмас ҳамда юқори судлар томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Шу билан бир қаторда, Odebrecht’нинг афсонавий спорт объекти билан боғлиқ сарф-харажатлари ҳажми 173 миллион реал (53,4 миллион АҚШ доллари)ни ташкил қилган. Қурилиш компанияси раҳбарияти штат ҳукумати билан шартномани бекор қилиб, унга "Маракана" бошқарувини қайтариб бермоқчи ҳам бўлди. Аммо ҳудуд ҳукумати ўзига қўшимча юкламаларни олишдан бош тортди.

Машҳур стадион эса аста-секинлик билан қаровсиз ҳолга келмоқда. 10 январь куни унинг ҳудудидан спорт журналисти Мариу Филья (унинг исми расман машҳур стадион номида ишлатилади) ва шаҳарнинг собиқ ҳокими Анжела Мендеш ди Морайснинг бронза ҳайкали ўғирлаб кетилгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, спорт иншоотида икки телеэкран ҳамда ўт ўчириш мосламалари ичагида бўлган мис деталлари ҳам йўқолган. Аренада айни пайтда футбол учрашувлари ўтказилмайди, ёритиш қурималари ҳам ачинарли аҳволда, кўплаб ўриндиқлар синган.

Маълумот учун, "Маракана" футбол стадиони дунёдаги энг машҳур спорт иншоотларидан бири ҳисобланади. Ўйингоҳда ўтган йилнинг август ойида 2016 йилги ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Кўпроқ янгиликлар