Тадқиқот: Обама 58 фоизлик рейтинг кўрсаткичи билан Оқ уйни тарк этмоқда

Жаҳон 17 Январь 2017 7456
фото: AP

АҚШнинг истеъфога чиқаётган президенти Барак Обаманинг машҳурлик рейтинги 58 фоизни ташкил этмоқда. 20 январда ўз лавозимини тарк этувчи президент кўрсаткичи 1993 йили президент катта Жорж Буш томонидан ўрнатилган энг юқори кўрсаткичдан 4 фоизга пастдир. Gallup Институти томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижалари шундан далолат қилади. 4-8 январда бўлиб ўтган тадқиқотда АҚШнинг 1032 нафар вояга етган фуқароси иштирок этган. 

Социологларнинг таъкидлашларича, сўнгги ойларда Обаманинг халқ орасидаги обрўси бироз пасайган. Агар, 2015 йил охирларида 50 фоизга яқин фуқаро у ҳақда ижобий фикр билдирган бўлса, ноябрь ойидаги сайловлардан сўнг, бу рақам кескин ўзгариб, 62 фоизни ташкил этган. Аммо, январь ойи бошларида унинг сиёсатини қўллаб-қувватловчилар сони 4 фоизга камайган. Обама энг юқори кўрсаткичи (69 фоиз)га биринчи президентлик даврида эришган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, Обама ўзидан аввалги президент Жорж Буш кичик кўрсаткичидан сезиларли равишда устун бўлган. Кичик Бушни давлат раҳбарлигининг сўнгги кунларида АҚШнинг 40 фоиз фуқароси қўллаб-қувватлаган. Обама, шунингдек, президент Билл Клинтонни ҳам бир фоизлик фарқ билан ортда қолдирган. Бироқ, уларнинг ҳеч бири катта Жорж Бушнинг кетишолди натижасини қайд эта олишгани йўқ. 1993 йилда катта Буш сиёсатини 62 фоиз фуқаро маъқуллаган. 

Шу билан бирга, Барак Обама Американинг биринчи хоними, рафиқаси Мишелнинг кўрсаткичидан анча ортда қолган. Америкаликларнинг 68 фоизи Мишель Обамани ҳурмат қилишини тасдиқлаган.

Кўпроқ янгиликлар