АҚШ Федерал махфий хизмати ташкилот ичида ирқий камситишларга йўл қўйилганига доир иш бўйича келишувга эришиш мақсадида 24 млн доллар товон тўлашга розилик билдирди. Бу ҳақда The Washington Post газетаси ёзмоқда.

Маълумотларга кўра, 100 нафардан ортиқ қоратанли агент афроамерикаликларнинг хизмат пиллапояларидан кўтарилишда ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳақида гувоҳлик берган. Нашрнинг ёзишича, 8 нафар ариза ёзганларнинг ҳар бирига 300 минг доллардан товон тўланади. 

"Махфий ушбу иш бўйича барча айбловларни жиддий қабул қилар экан, ташкилот хизмат пиллапоясидаги ўсиш бўйича адолатли ва шаффофлик қоидасига содиқ бўлиб қолади", - дея махсус хизмат вакили Кэтрин Милоэн сўзларини келтиради газета.

АҚШ махфий хизмати 1865 йилда ташкил этилган. У, асосан, Америка пуллари, қарз мажбуриятлари ва бошқа қимматли қоғозларни қалбакилаштиришга қарши курашиш, президент ва бошқа муҳим шахсларни қўриқлаш, шахсий маълумотлар ўғирланиши ва молиявий фирибгарликларни текшириш билан шуғулланади.