Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг ZeniMax билан боғлиқ суд ишида берган маълумотларида компания Oculus VR стартапи учун умумий ҳисобда аввалроқ хабар қилингандек 2 миллиард эмас, балки 3 миллиард АҚШ доллари тўлаганини маълум қилди. Қўшимча 1 миллиард ходимларга мўлжалланган тўловлар учун сарфланган, деб ёзмоқда Business Insider.

Цукерберг Далласдаги судда Facebook Oculus VR’га стартапни харид қилиш учун 2 миллиард АҚШ долларини нақд пулда берганини айтиб ўтди.  Шундан сўнг ижтимоий тармоқ яна 700 миллион долларни менежментга товон пули ва 300 миллион долларни – белгиланган кўрсаткичларни қайд этгани учун тўлаб беришга рози бўлган.

Facebook асосчиси Oculus VR билан битим дам олиш кунларининг ўзида имзоланганини тасдиқлади – томонлар жума куни стартапни сотиб юбориш ҳақида келишиб олишган, душанба куни эса барча керакли ҳужжатларга имзо қўйилган.

Маълумот учун, ZeniMax медиа-гиганти Facebook’ни Oculus VR компаниясини ноқонуний равишда харид қилишда айбламоқда. У Oculus Rift виртуал реаллик кўзойнакларини яратган. ZeniMax Media’нинг фикрича, дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ Oculus виртуал реаллик бўйича барча технологиялар ишланмасини ноқонуний равишда ўзига ўтказиб олганини яхши билган ҳолда бу компанияни сотиб олган. ZeniMax айнан у виртуал реаллик кўзойнакларини яратганини иддао қилмоқда. Oculus эса бош дастурчи – Жон Кармакни компанияга ишга олиб, шу тариқа, интеллектуал мулкни ўғирлагани айтилди.
 
Цукерберг судда технологияларни ўғирлагани юзасидан қўйилган барча айбловларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, VR-кўзойнакларда ишлатилувчи барча технологиялар Oculus жамоаси томонидан ишлаб чиқилган.