Шу ҳафтада Швейцариянинг Давос дам олиш масканида анъанавий Бутунжаҳон иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда. Унинг кун тартибида Си Цзиньпин ташрифи, глобаллашув, Трамп ва Brexit масалалари кабилар ўрин олган.

Қайд этиш жоизки, бу йилги анжуман аввалгиларидан кескин фарқ қилади. 17 январь куни жаҳон сиёсати, бизнеси, иқтисодиёти, технологиялари ва молия соҳасидаги кўзга кўринган шахслар Швейцариянинг Альп тоғларидаги дам олиш масканида тўпланишган бўлса-да, уларни дунё эгалари деб айтиш ҳақиқатга мос келмайди. Бу сафар, улар гўёки, форумни четдан туриб кузатишади.

Сўнгги 10 ойда жаҳон майдонида юз берган воқеа-ҳодисалар, айниқса Brexit ва Дональд Трампнинг АҚШ президентлиги учун сайланиши, қачонлардир жаҳон элитаси музокаралар олиб бориш учун севимли жойга айланган Давоснинг бош қадриятига умуман зид эди. Шунга қарамай, айнан Давосда етакчи сиёсатчилар ва иқтисодчилар тўпланади. Бу сафар унинг ишида ХХР раиси Си Цзиньпиннинг иштирок этиши аллақачон тарихий аҳамиятга молик воқеа сифатида таъкидланган. Умуман, бу йилги Давос анжуманида қуйидаги 10 мавзуга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ёзади insider.pro сайти.

Трамп эртаклари

Фото: AP

20 январда АҚШнинг янги президенти ўз лавозимига киришиши бошқа барча воқеаларнинг аҳамиятини пасайтиради. Трампнинг инаугурацияси форумнинг охирги куни бўлиб ўтади, шундай экан,  сессияда Америка янги президенти сафдошларидан ҳеч ким бўлмайди. Биргина, Трамп жамоасида Давос қадриятларини ҳимоя қилувчи Энтони Скарамуччи АҚШ келажаги ҳақидаги фикрларини билдиради. У анжуман қатнашчиларида умид учқунларини ёқа оладими, йўқми, буни вақт кўрсатади.


Глобаллашув

Айни чоғда, форумдаги энг севимли мавзулардан яна бири глобаллашув ва халқаро гармония бу сафар долзарб эмас. Бутунжаҳон иқтисодий форуми томонидан ишлаб чиқилган умумий қараш эндиликда хавф остида қолмоқда.

Хитой эстафетани қабул қилиб олмоқда

 

Фото: Reuters

Хитой раисининг Давосга биринчи ташрифи доирасида Си Цзиньпиннинг анжуманда пайдо бўлиши, дастурнинг энг юқори палласи бўлиши кутилаяпти. АҚШ вакилларининг асосий диққат-эътибори Вашингтондаги воқеаларга қаратилган, кўплаб иштирокчилар Трамп борасида ҳозирданоқ ўз хавотирларини билдираётган бир вақтда, Пекин ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун қулай вазиятдан фойдаланиб қолиши мумкин. Албатта, Си Цзиньпин мамлакатидаги сиёсий ўзгаришлар ҳақида сўз юритиши даргумон. Бироқ, аксарият экспертларга кўра, у ўзига тақдим этилган имкониятдан фойдаланган ҳолда, Давос минбаридан туриб, иқлим ўзгаришидан эркин савдогача бўлган турли соҳаларда ривожланишни ҳимоя қилиш ва кучайтиришга шай бўлган Хитойни жаҳоннинг масъулиятли буюк давлати сифатида намоён этишга уриниб кўради.

Жаҳон иқтисодиёти пойгаси

Дунё молия бозорлари Трампнинг АҚШ президентлигига сайланишини олқишлашди, аммо Давос иқтисодчилари салбий кайфиятларини сақлаб қолишмоқда. Асосий масала: инфратузилмаларга бўлган харажатларнинг ортиши ва солиқларнинг пасайиши билан боғлиқ равишда талабнинг ортиши протекционизм сиёсати оқибатидаги иқтисодий талофат сабабли барбод бўлиши мумкинми? Бунга шундай жавоб бериш эҳтимоли мавжуд: ҳар қандай сунъий кучайиш абадий эмас, популизм эса барқарор глобал тараққиёт учун пойдевор бўла олмайди.

Хафа бўлган демократлар

Афтидан, АҚШ демократлари, мамлакатларида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлмаслик мақсадида форумга келишган кўринади. Бу йилги Давосга давлат котиби Жон Керри (ўзининг сўнгги амалий саёҳати доирасида), собиқ вице-президент Альберт Гор каби Демократик партиянинг йирик намояндалари ташриф буюради. Бундан ташқари, АҚШ вице-президенти Жо Байден «махсус маъруза» қилиши кутилмоқда.

Тереза Мэй қандай фикрда?

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй мамлакат ҳукуматининг Brexit бўйича режаларини маълум қилади. Шундан сўнг, Давосга қараб отланади. У бу ерда ҳам айни режаларни жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола қилади. Бироқ,  Тереза Мэй сўзларига нисбатан реакция Brexit бўйича музокаралар қайтарзда бўлиши ҳақида тасаввур уйғотади.

Европанинг аламлари

 

Фото: AP

Бу йил Германияда мураккаб сайловларни кутаётган Ангела Меркель Давосга бормасликка қарор қилди. Аммо, шу каби сайловлар бўлиб ўтадиган бошқа бир мамлакат – Нидерландия бош вазири Марк Рютте анжуман ишида қатнашади. Уларнинг барчаси қитъанинг келажаги ва умумий сиёсати борасида келишилган ягона кўришни тақдим этишнинг уддасидан чиқа олармикан?

Ҳамма жавоб беради

Гарчи ўзига тўқлик, бойлик намойиш этилишига қарамай, форумда тенгсизликдан азият чекаётганлар ва ривожланишда оқсаётганларнинг норозиликлари ҳақида кўпроқ сўз юритилади. Албатта, Давос гўзалликларидан баҳра олаётган қатнашчилар бу борада нимадир таклиф қилишига шубҳа билдириш мумкин, лекин бу йилги форумда қашшоқлик ва ортда қолаётганлар масаласи асосий мавзулардан бири бўлади.

Технологиялар инсониятга қаршими?

Ўтган йили Давосда иштирок этганлар «тўртинчи саноат инқилоби»дан хурсанд бўлишган эди. Бу йил технологиялар ривожи яна муҳокамалар марказида. Бироқ, бу сафар, гап имкониятлар ҳақида эмас, кўпроқ таҳдидлар хусусида бўлади.