Италияда Перу ва Боливия собиқ президентлари сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди

Жаҳон 18 Январь 2017 3435
Фото: AFP 2017/ Giuseppe Aresu

Италия суди сешанба куни Боливия ва Перу давлатларининг собиқ президентларини сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этди. Бу Жанубий Америкада италиялик 23 нафар фуқаронинг ўтган аср 70-80-йилларида мухолифатни таъқиб қилиш туфайли ҳалок бўлгани билан боғлиқ.  

"Кондор" амалиёти Лотин Америкасидаги олти диктатура - Аргентина, Боливия, Бразилия, Чили, Парагвай ва Уругвайда сиёсий рақибларни таъқиб қилиш бўйича қўшма "лойиҳа" бўлган. У АҚШ махсус хизматлари кўмагида ўтказилган бўлиб, ўн минглаб мухолифат вакиллари ва коммунист ҳамда социалистлар тарафдорларининг ўлимига олиб келган.

Rainews телеканалининг хабар беришича, суд Жанубий Америкадаги сиёсатчи ва ҳарбийлардан бир нечтасини сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган. Улар орасида Боливия ва Перунинг собиқ етакчилари - Луис Гарсиа ҳамда Франсиско Моралес ҳам бор.

87 ёшли Луис Гарсиа айни дамда ўз мамлакатида 30 йиллик қамоқ жазоси муддатини ўтаётган бўлса, Перуда 95 ёшли Моралесга нисбатан инсониятга қарши жиноят учун суриштирув ишлари бошлаб юборилган.

Шу билан бир қаторда, суд 19та оқлов ҳукмини ҳам чиқарди. Олти иш гумонланувчиларнинг вафот этгани туфайли ёпилди.

Шу тариқа, Италия суди биринчи бор Жанубий Америка ҳукуматлари сиёсий қатағонлар ўтказиш учун ўзаро тил бириктирганини тан олди.

Кўпроқ янгиликлар