Muxlis.uz сайти маъмуриятига қуйидаги савол билан мурожаат қилинди:

“Ассалому Алайкум қори ака! Менинг Россияда бир танишим бор. Миллати ўзбек, муслима. У россиялик бир рус одамга турмушга чиққан. Бироқ, турмуш ўртоғи насроний динида. Ислом дини бунга қандай қарайди?”

Бунга эса шундай жавоб қайтарилди:

“Ва алайкум ассалом. Мусулмон эркак муслимага, шунингдек, аҳли китобдан бўлган покиза (яҳудий ёки насроний) аёлга уйланса бўлади. Аллоҳ таоло бунга рухсат берган. Лекин муслима аёл фақат мусулмон эркакка турмушга чиқади, ғайридин киши билан оила қуриши жоиз эмас. Нега, дейилса, мусулмон эркак аҳли китоб турмуш ўртоғи ҳақини адо этади, аммо ғайридин эркак муслима ҳақ-ҳуқуқларига эътибор бермаслиги, унга зулм қилиши, имон-эътиқодига зиён етиши мумкин. Қолаверса, фарзанд тарбиялашда ҳам отанинг ўрни муҳим бўлиб, муслима аёлдан туғилган болалар ғайридин отага ўхшашга, ундан ўрнак олишга ҳаракат қилади. Шу ва бошқа сабаблар билан муслима аёлнинг ғайридин киши билан турмуш қуришига рухсат этилмайди. 

Қолаверса, ўзбек аёлларининг ўзбекона маданиятимиз ва менталитетимизга тўғри келмайдиган муҳитда яшайдиган ажнабий кишилар билан оила қуришлари туғилажак фарзанднинг миллий руҳда ўсиб-улғайишига ҳам тўғаноқ бўлиши мумкин”.