Нигерия ҳарбий-ҳаво кучларининг (ҲҲК) Рэнн шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерига қарата йўлланган хато авиазарбаси натижасида 70дан зиёд киши ҳалок бўлди ва 100дан ортиғи жароҳат олди. Бу ҳақида Женевада Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари федерацияси хабар берди. ТАСС агентлиги шу ҳақида маълумот берди

"Қизил Хочнинг камида 6 нафар кўнгиллиси ҳалок бўлди ва 13 нафари жароҳат олди, бу рақамлар маълумотлар янгилангани сайин ошиши ҳам мумкин. Гуманитар персоналдан ташқари, 70 киши ҳалок бўлган ва юзлаб кишилар жароҳат олган", - дейилади хабарда. 

Қизил Хоч Халқаро қўмитаси жарроҳлари жароҳат олган кўплаб кишиларга ёрдам кўрсатишмоқда. 

Манбага кўра, Қизил Хоч ташкилотининг ҳалок бўлган 6 нафар ходими инсонпарварлик ёрдами доирасида қочқинларга озиқ-овқат етказиб бериш ишларида иштирок этаётган бўлган.  

Ҳозирда Рэннда 90га яқин кишига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, улардан 46 нафарининг жароҳати жиддий. Шифокорларнинг сўзларига кўра, уларни "зудлик билан Майдугурига эвакуация қилиш зарур".

Нигерия ҳарбий қўмондони, генерал Лаки Ирабор Камерун чегараси яқинидаги Рэнн шимоли-шарқига берилган  авиазарба хато кетганини тасдиқлаган. 

Бундан аввал авиазарба натижасида 100дан зиёд киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.