Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилнинг тўртинчи чорагида халқаро молия институтлари билан 508 миллион АҚШ долларига тенг кредит битимларини имзолади. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки “Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 200 миллион АҚШ долларилик кредит битимини имзолади. Лойиҳа қиймати 240 миллион АҚШ долларига тенг.

Лойиҳа Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги устувор минтақавий автомобиль йўлларининг 37 қисмидаги умумий узунлиги 394 километр бўлган йўлларни реконструкция қилиш имконини берди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки билан “Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларидаги канализация тармоқларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш” лойиҳаси молиялаштиришни ривожлантириш бўйича кредит битимини имзолади. Кредит миқдори 57,5 миллион АҚШ доллари, лойиҳа қиймати эса – 60,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳа оқова сувлар томонидан атроф-муҳитнинг ифлосланишини камайтириш, мавжуд канализация тозалаш иншоотларини кенгайтириш орқали оқова сувларни йиғиш ва тозалаш тармоқлари самарадорлигини оширишга қаратилган. 
 
Ўзбекистон Франция тараққиёт агентлиги билан “Самарқанд шаҳрида маиший қаттиқ чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича 23,5 миллион АҚШ доллари қийматига эга кредит битимини имзолади.

Лойиҳа қиймати 36,5 миллион АҚШ доллари бўлиб, Самарқанд шаҳрида чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш ҳамда утилизация қилишни молиялаштиришни қамраб олади. 

Ўзбекистон 2016 йилнинг тўртинчи чорагида Жанубий Корея Эксимбанки билан иккита кредит шартномасини имзолади.

Хусусан, “Тошкент шаҳри аэропортида янги халқаро йўловчи терминалини қуриш (Тошкент-4)” лойиҳасини молиялаштириш бўйича келишув имзоланди. Корея Эксимбанки шартнома доирасида қиймати 430,4 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳани молиялаштиришга 200 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги кредит тақдим этади.

Лойиҳа Тошкент шаҳри халқаро аэропорти инфратузилмасини янги йўловчи терминали қуриш, аэропортдаги йўловчилар ўтказиш ҳажмини ошириш, халқаро ҳаво йўналишлари йўловчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш орқали ривожлантиришга мўлжалланган.

Шунингдек, Жанубий Корея Эксимбанки Ўзбекистонга “Электрон ҳукумат” тизимининг маълумотларни қайта ишлаш Марказини яратиш” лойиҳасини амалга оширишга 27,4 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Лойиҳа қиймати 41,43 миллион АҚШ долларига тенг.

Лойиҳа “Электрон ҳукумат” тизимининг маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш инфратузилмасини яратишга, шунингдек, интерактив давлат хизматларини ривожлантириш ва давлат органлари ахборот ресурслари ахборот хавфсизлигини таъминлашга имкон беради.