18 январь куни Мадрид шаҳрида “FITUR – 2017” халқаро сайёҳлик кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, “Asia Adventures”, “Central Asia Travel”, “El Mundo Tour”, “Olimpic Tour Service”, “Oriental Tales”, “Shohina STD”, “Silk Tour” каби сайёҳлик компания ва фирмалари иштирок этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

“FITUR” – энг йирик халқаро ярмаркалардан бири. Бу галги ярмаркада 165 мамлакатдан ўн мингга яқин сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирок этмоқда. 

Ўзбекистон мазкур халқаро сайёҳлик ярмаркасида бир неча йилдан буён фаол қатнашиб келмоқда. 2015 йилги ярмаркада мамлакатимиз миллий стенди “Энг яхши стенд” мақомига сазовор бўлган эди.

Бу гал ҳам “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Унда мамлакатимиз тарихий обидалари, халқимизнинг миллий анъана ва қадриятлари акс этган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа тарихий шаҳарларимизнинг диққатга сазовор жойларига оид ранг-баранг маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Хабарда айтилишича, кўргазма доирасида Ўзбекистон делегацияси Мадридда қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.