2016 йилда «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 255,2 миллиард сўмни, экспорт ҳажми эса 11,9 миллион долларни ташкил этди. 

«Жиззах» ЭИЗ Ўзбекистон Биринчи Президентининг 2013 йил 18 мартдаги «Жиззах» махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида»ги фармони асосида ташкил этилган. Ушбу махсус ҳудудда ўтган қисқа муддатда 19 замонавий корхона ишга туширилди. 

Иқтисодий зонанинг Жиззах шаҳридаги ҳудудида 363,7 гектар майдонда 14, Сирдарё вилоятидаги филиалининг 150 гектар майдонида 5 лойиҳани амалга ошириш учун 91,3 миллион доллар миқдорида инвестиция сарфланди. Замонавий технология асосида барпо этилган корхоналарда мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Доимий иш ўрнига эга бўлганларнинг 60 фоизи касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислар ҳисобланади.

Ҳозирги кунда ҳудудда автомобиллар ва юк машиналари учун тормоз колодкалари, телевизор, кондиционер, музлаткич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печь, светодиодли лампалар, полипропилен иплар, видео ва IP телефонлар, телекоммуникация ускуналари, интернет тезлигини оширувчи бутловчи қисмлар каби турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотларнинг аксарияти нафақат Жиззах ва Сирдарё вилоятлари, балки мамлакатдаги бошқа бозорлар учун ҳам янгиликдир. 

ЎзА хабарига кўра, хитойлик инвесторлар ушбу ЭИЗга қизиқиш билдирган. Ўтган йилнинг декабрида ўтказилган бизнес-форум доирасида хитойлик ва жиззахлик ишбилармонлар 10 лойиҳа бўйича ўзаро келишувларга эришиб, меморандумлар имзолади. 

Айни пайтда эркин иқтисодий зона маъмурий кенгаши хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан дастлабки қиймати 213,3 миллион доллар бўлган 25 лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида йилига 24 миллион квадрат метр ойна ишлаб чиқариш қувватига эга Mingyuan Si Lu Industry хорижий корхонасининг биринчи навбати ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Хитойлик сармоядорларнинг 109,7 миллион долларлик инвестицияси ҳисобидан барпо этилаётган ушбу янги корхона тўлиқ ишга туширилиши билан 391 янги иш ўрни яратилади.