Alibaba 2028 йилгача Олимпиада ўйинлари ҳомийси бўлади

Иқтисодиёт 19 Январь 2017 2766
Фото: AP/ТАСС

Хитойнинг интернет-гиганти Alibaba Давосда бўлиб ўтаётган халқаро иқтисодий форум доирасида ХОҚ (Халқаро Олимпия Қўмитаси) билан келгуси 6та Олимпия ўйинларига ҳомийлик қилиш юзасидан шартнома имзолади. Шундай қилиб, компания 2028 йилгача 4 йилда бир маротаба бўлиб ўтадиган спорт мусобақаларини молиялаштиради, деб ёзмоқда Financial Times.

Alibaba Олимпиадаларнинг электрон тижорат ва булутли хизматлар кўрсатиш соҳаларида ҳамкори бўлади. Шу билан бирга, ўйинларнинг Coca-Cola, McDonald's, Visa ва бошқа йирик ҳомийлари қаторидан ўрин олади. 

Келишувнинг молиявий томонига ойдинлик киритилмаган. Бундан аввалроқ, ХОҚдаги манбалар, Bridgestone ва Panasonic каби асосий ҳомийлар 4 йиллик даврга (ёзги ва қишки Олимпиада учун) 200 млн долларга яқин маблағ тўлашини маълум қилишган эди. 

Битимга кўра, Alibaba ва ХОҚ Олимпия тимсоллари туширилган маҳсулотларни сотиш учун электрон платформа ташкил этишади. Бундан ташқари, Alibaba хитойлик томошабинлар учун Олимпия каналининг сифатини яхшилайди. 

Ҳамкорлик яқинлашаётган қишки Олимпиададан бошланади. У 2018 йил Корея республикасининг Пхёнчхан шаҳрида бўлиб ўтади. 

Кўпроқ янгиликлар