Интернет орқали товар ва хизматлар сотиш айланмаси бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланган Amazon ҳар йили харидларни енгиллаштирувчи янгиликлари билан кишиларни ҳайратга солади. Тhe verge нашрида шу мавзуда сўз юритилди.  

Аввал у ёки бу товарни сотиб олиш имконини берувчи симсиз тугмалар, интернет-дўконларда харид қилинган маҳсулотларни етказиб берувчи дронлар ва ҳисобчилар, сотувчилар ҳамда навбатларсиз ишлайдиган озиқ-овқат дўконлари бўлган бўлса, кейинги қадам - эгасининг харидлари, унинг талаблари ва эҳтиёжларини таҳлил қила оладиган, бундан келиб чиқиб керакли маҳсулотлар рўйхатини мустақил тузадиган ва замонавий дастурий таъминот ҳамда интернет орқали ўз вақтида дўконларга буюртма бера оладиган ақлли музлатгич бўлиши кутилмоқда.

Компания вакилларининг сўзларига кўра, маҳсулотларнинг бундай тизим орқали етказиб берилиши бир соатдан ортиқ вақт олмайди. Боз устига "Алекс" интеллектуал ёрдамчиси ҳақида унутмаслик керак - у фойдаланувчининг гастрономик сўровларини тинглайди ва буюртмани "сеҳрли таёқ" усулида ижро этади. Афтидан бундай музлатгичнинг олдида гапларни ҳам ўйлаб гапириш керак бўлади, чунки у ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажаришга тайёр. 

Бир кишининг молиявий имкониятлари ҳар доим ҳам бирдек бўлмаслиги мумкин. Бироқ "ақлли" музлатгич шуниси учун ҳам ақллики, у эгасининг жорий вақтдаги моддий аҳволи ва бошқа ҳаётий омилларини инобатга олишни ўрганади. Шуни таъкидлаш жоизки, интернет-гигант музлатгичларни ишлаб чиқариш билан бир ўзи мустақил шуғулланмайди, бунинг учун Amazon жаҳонга машҳур Samsung ва LG компаниялари билан ҳамкорлик муносабатларини расмийлаштирмоқда.