Жорий йилнинг 18 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг мазмун ва моҳияти ҳақида сўз юритилиб, бу борада O‘zLiDeP фракцияси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур фармоннинг эълон қилиниши халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унинг ижросини таъминлаш «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этишга хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фармонга мувофиқ, Халқ қабулхоналарининг республикамиз бўйича бутун бир тизими ташкил этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жисмоний шахслар учун ҳам, юридик шахслар учун ҳам бир қатор қулайликлар яратади. 

Бундан ташқари, бундай қабулхоналарнинг ташкил этилиши халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, бу орқали мурожаат қилувчи шахсларнинг муаммолари билан яқиндан танишиш ва уларни ҳал қилинишига кўмаклашиш имкониятларини яратади. Мазкур омиллар бир бутунликда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган талаблар доирасида, ўз вақтида ва сифатли, холисона кўриб чиқилишини таъминлайди. 

Фракция аъзолари кун тартибидаги масалага партия позицияси нуқтаи назаридан ёндашиб, мазкур фармон барча соҳалар қатори тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга хизмат қилишини таъкидлашди. 

Йиғилишда фармоннинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратилди. Яъни, унда мурожаатларга асос бўлган тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш юзасидан доимий таҳлиллар ўтказиш назарда тутилмоқда. Бундай таҳлилларнинг ўтказилиши, шубҳасиз қонунларни қабул қилиш ва уларни қўллаш амалиётида, бу орқали эса мамлакатимизда шакллантирилаётган фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш борасида бир қатор ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади. Биринчи навбатда, ушбу таҳлиллар қабул қилинган қонунларнинг ижроси масаласида мавжуд муаммоларни юзага чиқариб беради. Хусусан, бундай омиллар мавжуд муаммонинг қонунчиликдаги бўшлиқлар билан ёхуд унинг ижросини таъминлашга масъул идоралар ёки шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқлигини яққол намоён қилиб берса, иккинчи томондан, мурожаатга асос бўлган муаммонинг ижобий ҳал қилиниши бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқишга имкон беради. Бу эса, шу йўсиндаги барча мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш борасида амалий дастур вазифасини ўтайди. Қолаверса, бундай таҳлиллар жойларда давлат хизмати кўрсатаётган кадрларнинг салоҳиятини кўрсатиб берадики, бу эса, амалда кадрлар сиёсати билан боғлиқ ислоҳотларни самарали давом эттиришга туртки бўлади. Зеро, фармонда таъкидлаб ўтилганидек, Халқ қабулхоналари кадрлар таркибини аҳоли билан бевосита ишлаш учун зарур билимга, ташкилотчилик ва таҳлил қилиш қобилиятига, шунингдек, маънавий-ахлоқий ва психологик фазилатларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш ва мустаҳкамлаб боришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Йиғилишда, шунингдек фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва O‘zLiDeP фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.