Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида 2017 йилнинг 18 январь куни ёпиқ иншоотлардаги ҳамда жанговар санъатлар V Осиё ўйинларига бағишланган очиқ матбуот анжумани бўлиб ўтди. Беллашувлар Ашхободда 2017 йилнинг 17-27 сентябрь кунлари ўтказилади. 

Матбуот анжуманида Туркманистон ТИВ ва Туркманистон спорт бўйича давлат қўмитаси вакиллари, V Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита ва мамлакат миллий олимпия қўмитаси ходимлари, Туркманистонда аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ журналистлари ҳамда дипломатлар, шунингдек, Туркманистон ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир мамлакат миллий олимпия қўмитаси вакилининг кириш сўзи билан очилди. Шундан сўнг, V Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита вакили ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ тадбирлар ҳақида маълумот берди. 

Матбуот анжуманида йирик спорт тадбирларини ташкил этиш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди. Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.