Бразилиянинг Натал шаҳрида 18 январда 15 автобус, микроавтобус ва автомобиллар ўтган ҳафта охирида маҳаллий турмадаги тартибсизликлардан кейин у ердаги бир қисм маҳбуслар бошқа турмаларга кўчирилиши эълон қилинган вақтда ёқиб юборилди.

Наталдаги турмадаги тартибсизликларда 26 киши ўлдирилган, улардан 15 нафари бошидан жудо қилинган. Ғалаённинг кўтарилишига турмадаги икки душман тўда вакилларининг тўқнашуви сабаб бўлган. Гуруҳлардан бири рақиб гуруҳ аъзолари сақланадиган блокка бостириб кирган ва шундан кейин оммавий муштлашув бошланган.

Folha de Sao Paulo порталининг маълум қилишича, учта автобус ва ҳукумат идоралари машинаси йўлда, яна 12 та автобус гаражда ёқиб юборилган. Ҳозирда ҳукумат 220 нафар маҳбуснинг қўчирилиши ва транспорт воситаларининг ёқиб юборилиши орасида алоқа бор-йўқлигини аниқламоқда. 

Аввалроқ Бразилия президенти Мишел Темер тўлиб-тошган турмаларга юкламани камайтириш учун 30 та янги ахлоқ-тузатиш муассасаси қуришни режалаштираётганини маълум қилганди. Бу мақсадда 300 млн доллар ажратилиши кўзда тутилган. Қурилажак турмалардан бештаси энг юқори хавфсизлик тизимига эга бўлади, у ерда энг ашаддий жиноятчилар ва наркокартеллар аъзолари сақланади.