Буюк Британиянинг спорткарлар ишлаб чиқарувчи Zenos компанияси банкротга учради ва ташқи бошқарув ихтиёрига ўтди. Фирмага Caterham компаниясининг собиқ ходимлари Ансар Али ва Марк Эдвардс томонидан асос солинган эди, деб ёзади Autocar нашри.

Zenos фирмаси маблағлар етишмаслиги ва савдо кўрсаткичларининг тушиб кетгани сабабли банкрот бўлишга мажбур бўлди. Савдоларнинг тушишига, ўтган йил охирида Zenos буюртмаларининг бир нечтаси бекор қилингани сабабдир. 

«Афсуски, компания раҳбарияти истеъфога чиқиши керак. Аммо, фикримизча, ажойиб ва бирмунча арзон спорткарлар ишлаб чиқа олдик. Бундан ташқари, биз янги маҳсулотларимизни ишлаб чиқишда жиддий ўсишга эришдик», — деган Zenos раҳбари Марк Эдвардс.

Zenos компаниясига 2013 йилда асос солинган эди. Фирма VUHL 05, KTM X-Bow ва Caterham Seven каби спорткарлар билан харидорлар учун рақобатлашадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни режалаштирганди.

Унинг биринчи модели E10 спидстери бўлди. Спорткарга Ford компаниясининг 200 от кучига эга, 2.0 ҳажмли турбомотори ўрнатилганди. Zenos E10 соатига 100 км тезликка 5 сониядан камроқ вақт ичида эришади. Унинг энг юқори тезлиги соатига 217 кмни ташкил этади.