Электрон декларациялаш энди Ягона портал орқали!

Ўзбекистон 19 Январь 2017 4635

Мамлакатимизда божхона соҳасида божхона назорати ва расмийлаштирувини янада такомиллаштириш ва шафофлаштириш, ташқи иқтисодий фаолият  иштирокчилари учун имтиёзлар ва қулайликлар яратишда  ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг миқёсда фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони билан 2013 йил 1 январдан бошлаб товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш тартиби амалиётга жорий қилинган эди.

Унга биноан Давлат божхона қўмитаси томонидан бериладиган малака аттестатига эга божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар қўмитанинг www.bojxona.uz веб-сайтидаги ҳаволадан (http://bojxona.uz/uz/events/service/48/) “Электрон декларациялаш” ахборот тизимига электрон рақамли имзо орқали кириб, божхона юк декларацияларини бевосита ўз идораларидан чиқмасдан туриб, божхона органларига тақдим этиб келишмоқда.

Ўтган йиллар давомида мазкур амалиёт ўзини тўла оқлаб, биргина 2016 йилда божхона органларига 392 мингдан ортиқ божхона юк декларацияларининг 99 фоизи электрон шаклда тақдим қилинган.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янада қулайлик яратиш, шунингдек божхона органлари томонидан кўрсатилаётган электрон хизматларни ягона манзилдан туриб, тақдим этиш мақсадида эндиликда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам “Божхона органларига электрон божхона юк декларацияларини тақдим қилиш” хизмати жорий қилинди. (Ушбу ҳаволада: https://my.gov.uz/uz/service/464)

Портал орқали ариза шакли тўлдирилади ҳамда унга “е-БЮД” дастури орқали аввалда тайёрланган Божхона юк декларациясининг электрон шакли илова қилинган ҳолда  юборилади. Илова қилинган декларация Давлат божхона қўмитаси томонидан берилган электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши шарт.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, “е-БЮД” дастурини фойдаланувчилар Давлат божхона қўмитаси веб-сайти орқали бепул кўчириб олишлари мумкин.(http://bojxona.uz/uz/events/service/48/)

Божхона органларига электрон божхона юк декларацияларини тақдим қилиш” хизмати 5 босқичдан иборат бўлиб, жараён муваффақиятли якунланганда мутахассисга Божхона юк декларациясининг рўйхатдан ўтган рақами ҳамда мазкур декларациянинг QR-код билан ҳимояланган pdf форматдаги шакли тақдим этилади.

Ягона портал орқали жорий қилинган мазкур янги хизматдан унумли фойдаланинг ҳамда вақтингиз ва молиявий харажатларингизни тежанг!

Кўпроқ янгиликлар