Мэрилинд университети қошидаги Смит бизнес мактаби профессори, China India Institute ҳаммуассиси ва «Getting China and India Right» китоби ҳаммуаллифи Анил Гупта ҳамда China India Institute бошқарувчи ҳамкори ва «Getting China and India Right» китоби ҳаммуаллифи Хайянг Ванг Хитойнинг инновациялар соҳасидаги фаолиятига оид мақола тақдим этди. Harvard Business Review мақола матни билан бўлишди.

Ҳамма нарса Хитой ҳукуматининг мамлакатни илмий-техник тараққиётнинг янги чўққиларига йўналтиришга қатъий аҳд қилганидан далолат бермоқда. Арзон хитойча ишлаб чиқариш даври аста-секинлик билан ўз поёнига етаётган экан, айнан инновациялар давлатни ривожлантириш режасининг асосий элементига айланди.

Ушбу мамлакатнинг мафкуравий кайфиятини инобатга олган ҳолда, Хитой ўз иқтисодиётининг инновацион жиҳатларини кучайтириш учун давлат қудратини жалб қилиш бўйича ажойиб тажриба майдонига айланиб бормоқда. Бироқ таҳлилларимизнинг кўрсатишича, тажриба натижалари ҳозирча ноаниқ. Баъзи муҳим йўналишлар бўйича давлат ҳақиқатда рағбатлантирувчи таъсир кўрсатмоқда, лекин бошқа ҳолларда у беихтиёр Хитойнинг технология гигантига айланишига тўсқинлик қилмоқда.

Рағбатлантирувчи чора-тадбирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда шубҳасиз давлатнинг энг муҳим роли инновацион сармояларни агрессив оширишдадир. Тадқиқот ва тараққиёт (Research and Development, R&D)га йўналтирилган умумий инвестициялар 2000 йилдан 2015 йилгача 0,9 фоиздан 2 фоизга ўсди ва ҳойнаҳой, 2020 йилга бориб, режалаштирилган 2,5 фоизга етишга муваффақ бўлинади. 2015 йилда Хитойнинг R&D'даги умумий глобал харажатлардаги улуши 20 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич Япония (9 фоиз) ва Германия (6 фоиз) ҳиссасидан анча кўп бўлиб, АҚШдан (26 фоиз) кейин иккинчи ўринда туради. Илм-фан соҳаси ва муҳандислик ишида ҳар йили докторлик даражасини оладиган кишилар сони кескин ўсди ва бугунги кунда ушбу масалада Хитой фақат АҚШдан ортда қолмоқда.

 

Бундан ташқари, сўнгги йилларда илмий истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга йўналтирилган бир неча ҳукумат дастурлари ишга туширилди. Улардан энг йирикларини санаб ўтамиз.

  • Ёш олимлар миллий илмий фонди истиқболли илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.
  • "Янцзи олимлари" дастури кўзга кўринган хорижий профессорларни жалб қилишга йўналтирилган.
  • "Минглаб истеъдодлар режаси" дастури мамлакатга хориждан энг яхши хитойлик тадқиқотчиларни қайтаришни мақсад қилган.

Давлат шунингдек коинотни ўзлаштириш, мудофаа ва суперкомпьютерлар каби йўналишларнинг технологик ривожида тўғридан-тўғри иштирок этади. Барқарор халқаро амалиётга кўра, давлат бу соҳаларда кўпинча ягона ёки асосий буюртмачи ролида намоён бўлади. Шу тариқа, бу технологик инновациялар, қоидага кўра, ҳукумат томонидан молиялаштирилади ва давлат ёки гўёки давлат лабараторияларида амалга оширилади.

Шуни таъкидлаш мумкинки, киришда юқори фаоллик кутилмоқда. Бироқ унинг эффекти қандай? Чиқишда нима бўлади? Афсуски,бу ерда Хитойнинг ютуқлари камроқ таассурот қолдиради. 2010-2015 йилларда Америка патент идораси томонидан берилган патентлар орасида хитой патентлари улуши атиги 2,2 фоизни ташкил қилди. Таққослаш учун: худди шу даврда Япония, Германия ва Жанубий Корея патентлари улуши 18.8, 5.5 ва 5.5 фоизни ташкил қилган. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) сўнгги ҳисоботига кўра, илмий мақолалар чоп этилиши бўйича ҳеч бир Хитой университети 30 етакчи олий таълим муассасаси рўйхатига кирмаган.

Хитойнинг R&D'га киритаётган сармояларининг бу қадар паст самараси қисман инвестициядан натижа олиш учун анча кўп вақт керак бўлиши билан изоҳланади. Яна бир сабаб - Хитой ижтимоий-маданий контекстининг баъзи хусусиятлари, жумладан, таълимнинг "ёд олишга асосланган" анъанавий модели қолдиқлари, иерархия алоқаларига эҳтиёткорона муносабат. Умуман олганда, шуни англаш муҳимки, Хитойдаги инновацияларга боғлиқ муаммолар фақатгина инвестицион танаффуслар ва маданий омиллар билангина чекланмайди. Баъзи қонун-тартиблар Хитойга фақат қоғоздагина инновация гиганти бўлишга ёрдам беради. Аслида эса улар фойдадан кўра кўпроқ зиён келтирмоқда.

Биринчидан, Science журналининг адолатли таъкидига кўра, давлатнинг R&D'га йўналтираётган воситалари катта улуши мустақил илмий комиссия томонидан тан олинган объектив амалларга кўра эмас, сиёсий алоқалар асосида тақсимланади. Бу тажриба пулларнинг асосий қисми тадқиқотларга эмас, чиройли бинолар ва қимматбаҳо замонавий ускуналарга сарфланиш хавфини оширади.

Иккинчидан, Хитой назарий тадқиқотларга ИҲТТга нисбатан (17 фоиз) кам восита ажратади (умумий сармояларнинг атиги 4 фоизи). Натижада Хитой R&D асосий эътиборни мавжуд билимларни қайта ишлашга қаратади. Мутлақо янги илмий ғоялар ва технологиялар ишлаб чиқаришга эса етарлича эътибор берилмаган.

Учинчидан, патентлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Хитой ҳукумати кўпроқ сифатни эмас, сонни қадрлайди. 2010 йилдан 2015 йилга қадар Хитой давлат интеллектуал мулк идорасига патент олиш учун келиб тушган буюртмалар сони 300 000дан 900 000гача. Ўн учиничи беш йиллик режа бу рақамларни 2020 йилгача 1,8 миллионга оширишни кўзда тутади. Кўрсаткичлар пойгаси патентлар сонини янада кучли девальвация қилиш хавфини туғдиради.

Тўртинчидан, Буюк хитой файрволи тадқиқотчиларнинг бутун жаҳон ахборот майдонига киришини қийинлаштирмоқда. Хитойлик олимлар ҳатто Google Scholar'га кира олишмайди. Албатта, Baidu Scholar'дан фойдаланиш мумкин, бироқ у қидирувни фақат хитой илмий журналлари бўйича амалга оширади, хорижий нашрлар эса четда қолади.

Бешинчидан, Хитой ҳукумати хорижий компаниялардан бозорга кириш имкони эвазига ўз технологиялари билан бўлишишларини талаб қилмоқда. Барча ғарб технология гигантлари Хитойда ўз тадқиқот лабараторияларини жойлаштирганига қарамай, улар шуғулланаётган ишларнинг катта қисми янги авлод технологияларини ишлаб чиқаришга эмас, маҳсулотларни маҳаллий бозорга мослаштиришга қаратилган. Ҳеч ким ўзини хавф остига қўйиб, илғор кўникмаларини хитойлик рақиблари билан бўлишишни истамаслигини тушуниш мумкин.

Хитой ва Ҳиндистонни солиштириш R&D'га ёндашувда кескин тафовутни намоён қилади. Ҳиндистонда хорижий компаниялар зиёнига маҳаллий компанияларга ёрдамлашишга қаратилган протекцион қонунлар деярли йўқ. Интеллектуал мулк масалаларида ҳам хорижий фирмалар Хитойга нисбатан Ҳиндистонда ўзларини ҳимояланган ҳис этишади. Натижада Ҳиндистон ўз илмий-тадқиқот ишланмаларига Хитойга нисбатан ўн карра кам восита сарфлашига қарамай, халқаро технология гигантлари етакчи тадқиқотларни кўпроқ Ҳиндистонда ўтказишади.

Юқорида келтирилган таҳлилдан келиб чиқиб, давлатнинг инновация масаласи ҳақида уч хулоса қилиш мумкин.

Биринчидан, қонун мазмуни катта аҳамиятга эга.

Иккинчидан, қонунлар амалда ҳар доим ҳам биз кутгандек натижа беравермайди.

Учинчидан, сиёсий мафкура ва инновация талаблари ўртасидаги зиддиятларни енгиш у қадар осон иш эмас.

Хитойнинг кўлами ва унинг математик, илмий ҳамда муҳандислик таълим тизимини ҳисобга олган ҳолда, айтиш мумкинки, эртами-кечми мамлакат энг йирик халқаро технологик гигантлардан бирига айланади. Шунга қарамай, буларнинг барчаси эртароқ содир бўлиши учун Хитой раҳбарияти ўз қонун ва дастурлари моҳиятини қайта кўриб чиқиши, интеллектуал мулк ҳимояси ва инновациялар ўсишида трансмиллий корпорациялар ролини англаб етиши лозим.