АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) сўнгги 35 йилда илк маротаба америкаликлар ҳақида маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва сақлаш қоидаларининг янгиланган намунасини эълон қилди. Янги қоидалар бошқарма сайтида жойлаштирилган. 

МРБнинг бош ҳуқуқий маслаҳатчиси Кэролайн Крэсснинг айтишича, янгиланган қоидалар «америкаликларнинг шахсий ҳаёти ва фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш»ни назарда тутган ҳолда тузиб чиқилган, дея хабар қилган Reuters.

Тузатилган қоидалар рўйхатини МРБ директори Жон Бреннан ва АҚШ адлия вазири Лоретта Линч тасдиқлаган.

Янгиланган қоидалар орасида, шунингдек, тергов жараёни учун зарур бўлган маълумотларни олиш ва улар МРБда қанча муддат сақланишига ойдинлик киритилган. Жумладан, бошқарма Америка фуқароларига тегишли бўлган, аммо ўрганилмаган ва баҳоланмаган маълумотларни беш йил давомида йўқ қилиши керак. 

Аввалроқ, МРБ 13 млн саҳифада ўз фаолиятига доир маълумотларни ошкор қилган эди.