АҚШнинг Lockheed Martin Corporation авиасозлик компанияси 9 млрд долларлик кўринмас қирувчи самолётларини сотиш бўйича Пентагон билан шартнома имзолашга тайёр. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига асосланиб хабар қилмоқда

Таъкидланишича, F-35 қирувчи самолётларининг шартномадаги қиймати биринчи марта 100 млн доллардан паст бўлган.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастурини бир неча маротаба танқид қилиб, самолётлар нархи асоссиз равишда қиммат эканини айтган эди. Натижада Lockheed F-35 қийматини туширишга ваъда берганди. 

Агентликнинг 3 нафар манбаси сўзларига кўра, Пентагонга 90 дона бешинчи авлод қирувчи самолётини 9 млрд долларга яқин маблағга сотиш бўйича битим январь ойи охирларида эълон қилинади. 

Трамп 18 январь куни F-35 қирувчиларини ишлаб чиқариш харажатларини 10 фоизга камайтиришга чақирган эди.