Курраи заминда фарзанд туғилганида томирлари мозийнинг тиниқ булоқларидан сув ичган ўзбегимчалик қувонадиган халқ бўлмаса керак.  Шоирнинг: “Дунёда болам деб яшайди ўзбек” деб ёзгани ҳам бежиз эмас. Инсон борки, ўзидан зурриёд қолдириш, уни Ватан корига ярайдиган ва баркамол шахс  қилиб тарбиялашни ўз олдига мақсад қилади. Оилада янги чақалоқ туғилганида у билан биргаликда олам-олам орзулар, умидлар сарчашмаси бунёд бўлади.

Ўтган йилнинг 17 июлида Андижоннинг Юқори Шаҳрихон  қишлоғидаги Тумор маҳалласида истиқомат қилувчи Қорабоевлар оиласида қувонарли ҳодиса юз берди. Тўртта ўғил фарзандни вояга етказаётган Зоҳиджон ва Фотимахонлар оиласида бирданига  уч ўғил фарзанд туғилди. Оилада тўрт ўғил - Машҳурбек, Самандар, Искандар ва Мансурбеклар вояга етмоқда эди.  

Бахтли ота-она бу қувончли воқеадан шукрона келтириб, уч ўғилга Ўзбекистонинг биринчи Президенти шарафига  - Исломжон, Абдуғани ва Каримжон деб исм қўйишди. 

Айни пайтда уч паҳлавон олти ойлик бўлди. Қорабоевлар хонадонида бўлганимизда Исломжон, Абдуғани ва Каримжонларни дуркун ва соғлом ўсаётганига гувоҳ бўлдик. Ширин болакайларни бекаму-кўст улғайишлари учун барча қулайликлар етарли. Маълумки, юртимизда ёш авлод тарбияси ва унинг соғлом вояга етиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оила вилоят, туман ҳокимликлари ва маҳалланинг доимий эътиборида. Эгизакларни соғлигини Тумор қишлоқ врачлик пункти шифокори Абдумалик Абдураҳмонов назорат қилиб бормоқда. Она ва чақалоқларга алоҳида ҳамшира Барчиной Меҳмонова бириктирилиб қўйилган. Шифокорлар мунтазам равишда чақалоқларнинг ҳар томонлама соғ- саломат улғайишлари учун кўрикдан ўтказиб туришади.    

- Мен дунёдаги энг бахтли оналардан бириман,-дейди чақалоқларнинг онаси Фотимахон. – Яратган бизни оилага еттита ўғил фарзанд берганидан қувониб, турмуш ўртоғим билан уларга муҳтарам биринчи президентимизнинг исми-шарифларини қўйдик. Минг шукрки, фарзандларим обод ва озод юртда дунёга келди. Давлатимизнинг бутун дунё ҳавас қилгудек ютуқларга эришишида Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг меҳнатлари беқиёс. Насиб қилса етти ўғлимиз у киши орзу қилганидек алпқомат, ватан келажагига ўз ҳиссасини  қўшадиган илм ва ҳунарда ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар бўлиб етишишади.      

Элмурод Эрматов, Андижондан Kun.uz учун махсус