Африканинг Сенегал давлати, Гамбия президенти ваколатлари узайтирилгани муносабати билан, ҳарбий қўшинларини Гамбия билан чегара ҳудудларига сафарбар этди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги ҳарбий манбаларига таянган ҳолда хабар қилмоқда

"Биз у ерга йўл олдик. Биз жиддий тайёрланаяпмиз", — дея ҳарбий манба сўзларини келтиради агентлик. 

Шунингдек, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам Гамбия билан чегараларга юзлаб сенегаллик аскарлар ҳарбий автокарвонларда кетаётганига гувоҳлик беришган. 

18 январь куни Гамбия Миллий ассамблеяси сайловларда мағлуб бўлган президент Яйя Джамме ваколатларини узайтирди. У 19 январь куни лавозимини тарк этиши, уни сайланган президент Адаме Барроу эгаллаши лозим эди.

Айтиш жоизки, Гамбиядаги сиёсий инқироз декабрь ойи охирларида юзага чиққан эди. Ўшанда, Яйя Джамме сайлов натижаларини тан олмаслигини айтиб, лавозимини тарк этишни рад этган эди. Унинг ваколатлари тугашига бир кун қолганида мамлакатда фавқулодда ҳолат тартиби жорий қилинди. 

13 январь куни Африка Иттифоқи мамлакатлари кенгаши 19 январдан сайловда мағлуб бўлган Джаммени қонуний президент сифатида баҳоламаслигини маълум қилган эди. Бундан аввалроқ, Нигерия ва ғарбий Африка қатор мамлакатларининг бирлашган кучлари, Джамме ҳокимиятни бўшатмас экан, Гамбияга кириши мумкинлиги ҳақида хабарлар ҳам пайдо бўлганди. 

Гамбия президентлик сайлови 2016 йил 1 декабрда бўлиб ўтган. Унда 890 минг киши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Давлат раҳбарлиги учун амалдаги президент Яйя Джамме, асосий мухолиф тузилма ҳисобланган Бирлашган демократик партия номзоди Адам Барроу ва мухолифатдаги "Гамбия демократик конгресси" етакчиси  Мамма Канде курашган эди.