Анқара суди Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловга суиқасд қилиш бўйича иш юзасидан икки кишини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Anadolu хабар бермоқда.

Хусусан, турк полицияси ходими Сержон Башар ва ишбилармон Энес Асим Силин ҳибсга олинди.

Башар туркиялик мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленнинг ташкилотига алоқадорликда гумон қилинмоқда. Тергов давомида у FETO фаоли экани ҳамда Измирдаги полиция мактаби курсантлари орасида оқим тарафдорлари бўйича иш билан шуғуллангани аниқланди. Айнан шу мактабда элчи Карловнинг қотили – Мевлуд Олтинтош ҳам ўқиган. Шунингдек, Олтинтош “Башарга тегишли бўлган уйда рўйхатдан ўтгани” ҳам хабар қилинди.

Бошқа икки гумонланувчи – адвокат Серкан О. ва олий ўқув юрти ўқитувчиси Абдулқодир Ш. – қўйиб юборилди.

Аввалроқ Анқарада Россия элчисига суиқасд қилишга алоқадор бўлган 6 киши судга етказилгани маълум қилинганди.