Жанубий Африкада руҳоний махсус маросимда ўз издошларини мотор мойи ичишга мажбурлагани тасвирланган фотосуратлар катта жанжални келтириб чиқарди. Бу ҳақда The Star нашри хабар бермоқда.

Ҳодиса ЖАР шимоли-шарқидаги Дейвитон қишлоғида рўй берган. Facebook’даги насроний ташкилотлардан бирининг саҳифасида тақдим этилган суратларда руҳоний Тео Бонгани Масеко диний маросимга келган кишиларга Chevron мотор мойини ичираётганини кўриш мумкин.

Унинг The Star журналистига маълум қилишича, шу тариқа Парвардигор кучини кўрсатмоқчи бўлан. «Биз дуо қилганимизда, заҳар ўлади ҳамда кишиларга зарар етказа олмайди, — тушунтирди Масеко. — Ҳеч нима бўлгани йўқ, ҳеч ким касалхонага ётқизилмади». 

Диний, маданий ва тилшунослик жамиятлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича комиссия раиси Токо Мхванази-Залува эса «қачондир бундай кишилар ҳалок бўлади. Биз бу рўй бермаганидан хурсанд бўлишимиз керак», - дея маълум қилди.

Chevron’нинг ЖАРдаги ваколатхонаси ҳам мотор мойини ичиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтди. «Бундай маҳсулотлар осонлик ёнади ва истеъмол қилинганда катта хавф келтириб чиқаради», - дейилган компания баёнотида.