БМТга 2017 йилда Суриядаги фуқароларга ёрдам учун 3,4 миллиард АҚШ доллари керак бўлади. Бу ҳақда ташкилотнинг гуманитар дастурлар бўйича Суриядаги координатори Али аз-Затори маълум қилди.

"Биз донор-давлатлардан Сурияда қолган фуқаролар учун ёрдам бериш мақсадида уч миллиард 400 миллион доллар тақдим этишни сўрадик. Бунда бошқа давлатларга қочқин сифатида чиқиб кетган 4 миллион 300 минг суриялик ҳисобга олинмади", - дея аз-Заторининг сўзларини келтиради Sputnik.

Унинг қўшимча қилишича, 2016 йилда сурияликларга ёрдам кўрсатиш бўйича турли лойиҳаларга бир ярим миллиард доллар ажратилган бўлиб, БМТ аслида 3,2 миллиард сўраган.

"Ҳалабнинг ўзида камида 220 миллион доллар сарфланди", - деди агентлик суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, бу маблағлар озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик суви, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилган.