Бразилияда Олий суд аъзоси учаётган самолёт ҳалокатга учради

Жаҳон 20 Январь 2017 4121

Бразилиянинг Раса ороли яқинида енгил моторли самолёт ҳалокатга учради. Рио-де-Жанейро штати соҳилларида рўй берган фожиада мамлакат Федерал олий суди аъзоларидан бири ҳалок бўлган, деб хабар қилмоқда Globo нашри.

Дастлабки маълумотларга кўра, саккиз ўринли самолётда камида 3 киши бўлган.  Самолёт Сан-Паулу шаҳридан Паратига парвозни амалга ошираётганда ушбу бахтсиз ҳодиса рўй берган. Унинг тафсилотлари ўрганилмоқда.

Бразилия ўт ўчириш департаменти матбуот котибининг сўзларига кўра, йўловчилардан бири самолёт қулаган жойда тирик ҳолда топилган. Маълум бўлишича, енгил ҳаво лайнери тадбиркор Карлос Альберто Фильгерасга тегишли бўлган. 

Шу муносабат билан, Бразилия президенти Мишел Темер мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди. У бу ҳақда Twitter саҳифасида ёзган. Авиаҳалокат оқибатида Бразилия Федерал олий суди аъзоси Теори Завацки ҳаётдан кўз юмган. 

«Биз расман 3 кунлик мотам эълон қиламиз. Бу юридик тоифага, судларга ва бразил халқига хизмат қилганлар хотирасига камтарона ҳурмат кўрсатишдир», — деб ёзган президент.

Кўпроқ янгиликлар