Samsung компанияси мутахассислари Galaxy Note 7 смартфонларининг ўз-ўзидан портлаш сабабларини ошкор қилишди. The Wall Street Journal компаниядаги манбасига асосланиб, шу ҳақида хабар берди

Аввал тахмин қилинганидек, портлаш сабаблари аккумуляторларда бўлган. Манбанинг хабар беришича, баъзи моделларда батарея ҳаддан ташқари катта бўлган ва бу унинг қизиб кетишига олиб келган. Носозлик фақатгина Samsung'га қарашли корхонада ишлаб чиқарилган аккумуляторларда эмас, балки Ҳонгконгда ишлаб чиқарилувчи Amperex Technology батареяларида ҳам аниқланган. 

Терговда Samsung билан бирга мустақил эксперт сифатида иштирок этган бир неча бегона компаниялар ҳам қатнашган. Расмий ҳисобот 23 январь, душанба куни чоп этилади. 

Galaxy Note 7 модели 2016 йилнинг августида сотувга чиққан ва кўп сонли портлаш ҳолатлари аниқланганидан кейин сотувдан олинган.