J нуқтаси. «Ювентус» нега битта ҳарфдан иборат логотип чиқарди?

Спорт 20 Январь 2017 5897

16 январь куни Италия футболида айтарли янгилик бўлиши кутилмаётганди. «Торино» ва «Милан» ўша кунга мўлжалланган  серия ўйинини ўтказишди, Repubblica нашри талқинига кўра, чемпионатнинг энг ёмон футболчиси Луис Адриано «Спартак» билан шартнома имзолаш учун учиб кетди. Ҳаттоки «Фиорентина» ҳужумчиси Никола Калиничга Хитой клубларидан бири йиллик 20 млн евро маош таклиф қилаётгани ҳақидаги миш-миш футболчининг ўзини ҳам ажаблантирмаган бўлса керак.

Аммо кутилмаганда Тошкент вақти билан 17 январга ўтар кечаси тармоқларни жунбушга келтирган янгилик тарқалди. Миландаги Леонардо Да Винчи номидаги фан ва техника музейида мамлакатнинг энг совриндор жамоаси Туриннинг «Ювентус» клуби янги логотипи тақдимоти учун кеча уюштирилди. Тадбирда юзлаб футболга алоқадор кишилар ва унчалик таниқли бўлмаган VIP-меҳмонлар (моделлар, диджейлар, шунингдек «Юве» юлдузлари — Данлуиджи Буффон, Павел Недвед бошқалар) иштирок этишди. Клуб президенти Андреа Аньелли оқ қора тасвирдаги J устига Juventus ёзуви битилган логотипни тақдим қилиб — бу «бизнинг ҳаётий услубимизнинг рамзи» дея таъриф берди.
 
Логотип бутун дунё бўйлаб тарқалганидан бир соат ўтар-ўтмас, ижтимоий тармоқларда #2BeJuventus ва #JuventusLogo ҳэштеглари остида мавзу кенг муҳокама қилина бошлади. Твиттерда бу мавзу жаҳон трендига чиқиб кетди. Унда асосан логотипга нисбатан салбий фикрлар янгради. Қисқа муддатда 180 миллион одам унга қарши бўлган кампания шаклланди.
 
«Ювентус» 100 йилдан буён жамоа рамзи бўлиб келган логотипнинг факт бўйича 70 фоизидан воз кечди. Эски логотипдан на қалқон, зебрали излар, на совринларни ёдга солувчи юлдузли тож қолди. Фақатгина иккита J ҳарфини тасвирлаган чизиқлар ва саккиз ҳарфдан иборат клуб номигина сақланиб қолди. 

Охирги йилларда бу каби ребрендингларни бизнес соҳасида кўп учратишимизга тўғри келмоқда. Биргина консерватив Англия премьер-лигасининг ўзида ҳам оқ ва кўк ранглардан воз кечилиб зангори ва бинафшарангли логоларга ўтилгани бунга исбот бўлади. Оддий ўзимизга таниш мисол Билайнинг бугунги сариқ-қора чизиқли брендига ҳам эндигина 11 йил тўлди. 

Футбол клублари асосан дизайнерларга буюртма беришаётганида логотипни қурилиши тили билан айтганда косметик таъмирлаб беришни сўрайди. Ёки жамоанинг тарихини акс эттириб турувчи унсурлардан фойдаланишни маъқул кўришади ва унда албатта «ғолиблик руҳи» сақланиб қолганини таъкидлашади. Лондоннинг «Арсенал»и логотипдаги тўпни (пушка) соддалаштирди ва лотинча шиордан воз кечди, ПСЖ Эйфел минорасини тўртта штрихда тасвирлади, «Челси» шер тасвирини қайтарди, «Манчестер Сити» — ўзининг эски даврларидаги қайиқларига қайтди. Аммо буларнинг барчасини биргина сабаб билан тушуниш ва қайсидир маънода оқлаш мумкин. Чунки уларнинг барчаси тарихий асос билан яратилган, дунёга келган. Ўша биз айтишни яхши кўрадиган «анъанавийлик» бор эди уларда.

«Ювентус» мухлисларига қадар биринчи навбатда Мадридда бу борада яхшигина шов-гу юзага келганди. Декабрда «Атлетико», Испаниянинг учинчи гранд жамоаси номини оқлаш учун клуб рамзида кичик ўзгаришларни амалга оширишга қарор қилди. Ўзгаришлар унчалик катта бўлгани йўқ — рангларга бироз жило берилди, дарахт бироз бойитилган ҳолда қайта чизилди, тасвирдаги айиқнинг боши ғарбдан шарққа қараб бироз бурилган ҳолда тасвирланди. Аммо Барселонанинг Vasava студияси томонидан тартиб билан қилинган ўзгаришлар мадридликларга маъқул келмади, улар дарҳол #ElEscudoNoSeToca («эмблемага тегманг») шиори остида ҳэштег ясашди ва ўзига хос флэшмоб кампания ўтказишди. Change.org портали орқали петициялар уюштиришди. Вазият шу даражагача бориб етдики, клуб учун бош мураббий Диего Симеоне жавоб беришига тўғри келди: «Қандайдир ўзгариш бўлса, у албатта кимгадир ёқмайди, биз эса яхшиси бор эътиборимизни олдинда турган ўйинларга қаратишни маъқул кўрамиз».

Туринда ҳам, бу каби таваккалга боришганини тушунишмади. Албатта бу қандай мақсадда амалга оширилгани тушунарли. Бугунги бизнес шароитида янгича ребрендинг янгича имкониятларни очиши керак. Ўтган ҳафтада The European Club Footballing Landscape нашри эълон қилган тадқиқотга кўра,

«Ювентус» 2015 молиявий йилни УЕФАнинг энг даромадли 10 жамоаларидан бири сифатида якунлаган. Кучли 10ликка кирган жамоаларнинг бирортаси ҳафтада бир марта яхши футбол кўрсатгани учун бу рўйхатга тушиб қолмагани аниқ. Чунки уларнинг ҳар бири футболдан ташқари ўзлари учун янги бизнес имкониятларини очиш, ҳамкорларни топишни («Юве» 2017 йил бошига келиб улар 39тага етди) ҳам асосий вазифа қилиб қўяди, муваффақиятлардан ташқари янги аудиториялар, янги бозорларга кириб бориш учун харажат қилишга тайёр туришади.

— Биз, ким бўлмоқчи эканимизни кўрсатдик, — деб тушунтирди президент Аньелли. — Бизга«Ювентус»нинг тимсоли ҳам ўзига мос бўлишини таъминлашимиз керак эди. У нафақат футбол учун, бошқа аудиториялар фойаланиши учун ҳам керак эди. Болалар, аёллар, ёшлар. Биз улар нафақат футбол орқали, балки бизнинг фалсафамиз, стилимиз орқали ҳам бизга яқинроқ бўлишини истадик.

Аньеллининг гапларини қуйидагича кенгайтириш мумкин: анъанавий мухлислар, аниқроқи 18 ёшдан ошган эркаклар шундоқ ҳам «Ювентус»ни ташлаб кетишаётгани йўқ. Лекин янги, замон билан ҳамнафас улғаяётган, снэпчат, твиттер, фейсбук билан катта бўлаётган янги авлод учун янги рамз эслаб қолиш, кўникиш учун осонроқ бўлади. «Анъанавий итальянча геральдик қалқон»дан кўра янгича креативлар маъқул улар учун. Бу айниқса Туриндан, Апеннин яриморолидан ташқарида бўлган учун адолатлироқ қарор дейиг мумкин бўлар.

Умуман олганда «Ювентус» бугун янгилик деб қараб тақдим қилган минимализм элементлари ҳам бир кун келиб эскиради. Икки чизиқли J ҳам бугун воз кечилган йўл-йўл зебра каби замонга мос келмай қолиши ҳам тайин. Балки ўшанда икки чизиқли ҳарф биттага қисқарар, балки шунчаки Juventus ёзувининг ўзи қолар? Балки яна зебрага қайтилар? 100 ўтса, буни албатта билиб оламиз.

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 35553 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 74706 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 11258 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 140010 Жамият
Ироқ бош вазир: Талл-Афорда ИШИДга қарши ҳужум бошланди
09:12 9 Жаҳон
БМТ бош котиби Финляндиядаги терактни қоралади
09:07 24 Жаҳон
АҚШда юк машинасининг музлатиш камерасидан 60 нафар мигрант топилди
09:03 226 Жамият
Хитой соҳиллари яқинида иккита балиқ овловчи кема тўқнашиб кетди
08:53 231 Жамият
Исроил бош вазири Владимир Путин билан яқин кунларда учрашишни мўлжалламоқда
08:43 397 Жаҳон
Тинч океанида 1945 йилда чўктириб юборилган АҚШ крейсери топилди
08:34 1788 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар