Кичик япон компаниясидан жаҳонга машҳур брендгача - Uniqlo асосчиси Тадаси Янаи ҳақида

Жамият 20 Январь 2017 4321
фото: Тадаси Янаи

Vc.ru Fast Retailing тарихини ўрганиб чиқди. У Uniqlo кийим-кечак дўконлари тармоғига эгалик қилади. Компанияга Япониянинг энг бадавлати кишиси Тадаси Янаи раҳбарлик қилади.

Fast Retailing компанияси яратувчиси ўтган ҳафта акциялар курсининг пасайиши туфайли 1,4 миллиард АҚШ долларини йўқотди. Uniqlo бутун дунё бўйлаб 1600 дўконга эгалик қилади ва Янаи бундай зарардан хавотирга тушмади. Сабаби у Uniqlo’ни яратиш жараёнида бир неча бор турли муаммоларга дуч келган ҳамда уларни бартараф этиш имконини топган.

Тадаси Янаи Япониянинг Убэ шаҳрида 1949 йилда туғилган. Унинг отаси ўша йили Ogori Shoji эркаклар кийим-кечаги дўконини очган. Фирма кейинчалик йирик тармоққа айланмаган бўлса ҳам, бўлажак миллиардер учун бизнес асосини тақдим этган.

Тадаси 1960 йилда илк бора АҚШга борди. Келажакда у ушбу давлатга бир неча қайтади ва бу ер ҳақида кўплаб ижобий фикрларни билдиради.

Тадаси она шаҳрида мактабни тамомлаган бўлиб, кейинчалик Япониядаги энг нуфузли Васэда университетига ўқишга кирган. Бўлажак ишбилармон иқтисодиёт ва сиёсатшуносликни ўрганди. Тадаси талабалик йилларида Вьетнам урушига қарши чиқиб, хиппи ҳаракатига ҳам қўшилди.

У 1971 йилда университетни тамомлаб, JUSCO супермаркетлар тармоғига ишга жойлашади. Шу билан бир қаторда, Тадасининг отаси уни оилавий ишга жалб этишга ҳаракат қила бошлайди. Янаи Ogori Shoji’га ишга қайтди ва эркаклар кийим-кечаги билан савдо қилишни бошлади.

Тадаси Хиросима шаҳрида 1984 йилда Unique Clothing Warehouse дўконини очишга қарор қилади. Бу узун сўзларнинг қисқартмасидан Uniqlo сўзи келиб чиқди. Бундан аввал у Европа ва АҚШга сафар қилиб, йирик тармоқлар, масалан – GAP иш моделини ўрганди. 

Тадаси бизнесининг реал ўсиши 90-йилларда бошланди. Кўплаб юқори технологияли компанияларга муаммолар келтирган иқтисодий инқироз Тадаси учун жуда ҳам қулай имконият яратди. Япония аҳолиси иқтисод қила бошлаб, қиммат кийим-кечакдан оддий ва арзонроғига ўта бошлади.

1994 йилда Uniqlo тармоғи Япониянинг турли қисмларида жойлашган 100та дўконни ташкил этди. Улар асосан кичик шаҳарларда очилган. 

Uniqlo’нинг ўз кийим-кечак моделлари биринчи марта 1995 йилда чиқарилди. Биринчи учта модель молиявий жиҳатдан ўзини оқламади ва сотувдан олинди. Янаи ўз компанияси ривожи йўналишини белгилай туриб, яна GAP’дан ўрнак олишга ҳаракат қилди. У компанияга янги стратегияни татбиқ этиш учун CIA/The Brand Architect Group’ни ёллади - Fast Retailing’га савдо жойини безаш, дўконлар дизайни ва бошқа кўплаб элементлар бўйича катта кўмак берилди.

Ишлаб чиқариш жараёни эса Хитойда жойлаштирилди. Бунга арзон ишчи кучининг кўплиги асосий сабаб бўлган. ХХРда ишлаб чиқарилган маҳсулотга бир қадар салбий муносабатда бўлинса-да, Uniqlo раҳбарияти ўз кийим-кечаги сифатига катта меҳр билан ёндошади. Fast Retailing’да “япон сифати” иборасини ишлатишни яхши кўришади ва бунга катта масъулият билан қарашади.

Uniqlo айни дамда ишлаб чиқаришни Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам жойлаштирган. Брендда бундай шериклар сони камида 70тани ташкил этади.

1998 йилда компания сотувлари ҳажми 83 миллиард иенани ташкил қилди. Бир йилдан сўнг бу кўрсаткич 111 миллиард иенага тенг бўлди, 2000 йилда эса – 229 миллиард иена.

Fast Retailing 1998 йилдан бошлаб ўз тармоғидаги дўконларни кўпайтиришни мақсад қилди, ва 2001 йилда уларнинг сони 500тани ташкил этди. Молиявий кўрсаткичлар эса 418 миллиард иенага тенг бўлди.

Янаи 2001 йилда Лондонда ўзининг хориждаги илк дўконини очди. Англияда ҳаммаси бўлиб 21та дўкон ўз ишини бошлаган бўлса, АҚШда – учта савдо нуқтаси очилди. 2002 йилда Хитойдаги биринчи дўкон ўз эшикларини очди. Бироқ бу дўконлар кутилган молиявий даромад келтирмагач, Янаи Англиядаги кўплаб дўконларини ва АҚШдаги барча савдо нуқталарини беш йил давомида ёпди.

Компания 2006 йилда Нью-Йоркнинг Сохосида янги йўналишдаги дўконни тақдим этди. Бу ерда 150 киши меҳнат қилиб, 50та касса ишлайди. Бундан ташқари, дўконда кийимни кийиб кўришга мўлжалланган 100та махсус кабинка бор. Соходаги дўкон кейинчалик Uniqlo тармоғидаги энг яхши савдо нуқтасига айланди. Шанба кунлари бу ерга 25 мингга яқин инсон ташриф буюради.

Uniqlo 2007 йилда Лондонда йирик дўкон очди. Бренд аста-секин дунёда ўз номига эга бўла бошлади. Шу йили Токиода майдони уч минг квадрат метр бўлган компаниянинг энг йирик дўкони очилди. Компания 2005 йилдан бошлаб аёллар кийим-кечагини ҳам ишлаб чиқара бошлади. 

Fast Retailing 2005 йилда Франциянинг Comptoir des Cotonniers аёллар кийим-кечак брендини харид қилди. Компания Янаи назорати остида янада ривожланиб бориб, 2010 йилда дунёнинг 40 давлатида 160 дўконга эгалик қилди.

Fast Retailing  2009 йилда дизайнер Жил Сандерни ишга қабул қилди. У +J номи остидаги 40та эркак ва 100та аёллар кийим-кечак моделларидан иборат коллекцияни тақдим этди. 

Сандер билан ҳамкорлик 2012 йилгача давом этди. Шу йили Undercover асосчиси Жун Такахаши билан шартнома имзоланди. 2012 йилда Дисней қаҳрамонлари ва машҳур эртаклар логотиплари туширилган либослар чиқарилди. 

2015 йилда Uniqlo’нинг Париждаги илмий-тадқиқот маркази раҳбари этиб Кристоф Лэмер тайинланди. У бир йилдан сўнг биринчи коллекция - Uniqlo U’ни тақдим этди. Коллекцияда эркакларга мўлжалланган 35та ва аёлларнинг 50та моделлари бор.

Fast Retailing ҳақида гапирганда вақти-вақти билан пайдо бўлувчи айбловлар ҳақида эслаб ўтиш жоиз. Хусусан, Янаини унинг компаниясида раҳбарлик лавозимларида асосан японлар ишлаши борасида танқид қилишади. 

Бундан ташқари, Uniqlo ишчиларнинг иш вақти аниқ белгилаб қўйилмаганлиги ва юкламаларнинг кўплиги туфайли ҳам жиддий танқидларга учраган. Бироқ, 2015 йилда компания ўз ходимларини тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтказаётгани маълум бўлди. Бу ҳолат Uniqlo’нинг 10 мингта ходимида синаб кўрилади. Улар 10 соат давом этадиган иш куни эвазига қўшимча дам олиш кунига эга бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, якшанба ва шанба ҳам иш кунига айланади. Агарда тажриба омадли якун топса, бу инновация бутун дунё бўйлаб қўлланилиши мумкин.

Японияда компания бозордаги энг асосий ўйинчилардан бири бўлса, жаҳонда вазият бироз мураккаброқ. У ерда ҳали-ҳамон GAP, Zara ва H&M етакчилик қилмоқда. Янаи бир неча бора GAP’ни қачонлардир харид қилиши ҳақида айтиб ўтган. Бу тан олинган брендга уруш эълон қилишдек туюлди.

Fast Retailing 2020 йилгача 50 миллиард АҚШ долларилик сотувларни амалга ошириш ва савдо нуқталари сонини тўрт мингтага етказишни мўлжалламоқда. 

Тадаси Янаи нафақат дўконлар сонини доимий равишда ошириб боради, балки рекламага ҳам катта эътибор қаратади. Хусусан, Uniqlo бренди машҳур теннисчи Новака Жоковичга спорт либоси ишлаб чиққан.

Компания муаммоларига тўхталадиган бўлсак, 2015-2016 молиявий йилининг иккинчи чорагида Fast Retailing’нинг даромади 60 фоизга тушиб кетди. Бу кучли иена курси ва анча иссиқ келган қиш билан боғлиқ (иссиқ кийим-кечаклар савдоси камайди).

Молия йили якунига кўра, даромад 1,78 триллион иенани ташкил этди. 

Uniqlo айни дамда Япониядаги энг машҳур брендлардан бири ҳисобланади. Тадаси Янаи томонидан 80-йилларнинг ўрталарида ташкил этилган бренд бутун дунёга танилди. Айнан Янаи дўконлар тармоғи асосини яратиб, ривожланиш стратегиясини белгилаб берди.

17,7 миллиард АҚШ долларига эгалик қилувчи Тадаси Японияда юқори технологиялар билан боғлиқ бўлмаган энг бадавлат инсонлар орасидаги саноқли шахс саналади. Шу билан бир қаторда, у японларга хос бўлган меҳнаткашлик ва инновацион қарорларни қабул қилиш хусусиятига эга. Афтидан, Янаи ва унинг компаниясининг кучи айнан шунда.

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 95642 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 46521 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 51702 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9337 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20136 Ўзбекистон
Яшнободда автомашина эшигини сих орқали очиб, 1500 долларни ўмарган шахс ушланди
02:51 306 Жамият
Самарқандда жисмоний имконияти чекланган ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди
02:50 142 Жамият
«Барселона» Ла Лиганинг 1-турида теракт қурбонлари хотираси учун махсус либосда майдонга тушади
01:43 652 Спорт
Оқдарёда электр таъминоти корхонасининг порахўр раҳбари ва таъмагир врач қўлга тушди
01:36 838 Жамият
Бразилия полицияси мавжуд бўлмаган спортчиларда пул қилган гуруҳни аниқлади
00:50 534 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар