Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. Бу борада кўмир қазиб олиш саноатида амалга оширилаётган ишлар, наинки табиий ресурсдан тежаб-тергаб фойдаланиш, балки аҳолини қаттиқ ёқилғи билан таъминлашга хизмат қилмоқда, деб ёзади ЎзА ахборот агентлиги. 

Маълумки, Ўзбекистон кўмирнинг йирик захираларига бойлиги жиҳатидан дунёдаги пешқадам мамлакатлардан бири ҳисобланади. 

Ангрен кўмир кони Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик конлардан биридир. Мамлакатимизда қазиб олинаётган қаттиқ ёқилғининг 85 фоизи ана шу кон ҳиссасига тўғри келади. 

Таҳлиллар мамлакатимизда кўмир маҳсулотига бўлган талаб тобора ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. 2010 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда аҳоли ва бюджет ташкилотларининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 2,5 баробардан ортиб кетган. Ана шу талабдан келиб чиқиб, соҳа корхоналарида кўмирни қазиб олиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ангрен конида кўмир қазиб чиқаришда замонавий айланма оқим технологиясининг амалга татбиқ этилгани соҳада сарф-харажатларни сезиларли даражада қисқартириш имконини берди. 

Амалга оширилган бу каби чора-тадбирлар самарасида кўмир қазиб олиш ҳажмининг 3,3 миллион тоннадан 4 миллион тоннага, истеъмолчиларга етказиб берилаётган қаттиқ ёқилғининг 2,5 миллион тоннадан 3,7 миллион тоннагача ўсишига эришилган. 

Ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли ўртасида кўмирга бўлган талабнинг муттасил ошиб бораётгани тизимдаги корхоналар зиммасига янги вазифалар юкламоқда. Ана шу вазифаларни бажариш юзасидан кўмир брикети ишлаб чиқариш, аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш масалалари тартибга солинди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги “Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотларини етказиб берувчи ва тақсимловчи ташкилотлар масъулиятини янада оширди. 

Мазкур қарорда кўмир маҳсулотлари захиралари шакллантирилиши, уларнинг манзилли тақсимланиши ҳамда аҳоли ва бюджет ташкилотларига узлуксиз етказиб берилишида иштирок этадиган муассаса ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг ўз вазифаларини сифатли ҳамда ўз вақтида бажаришига бўлган мажбуриятини оширишга қаратилган меъёрлар белгиланган. 

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга ошириладиган, кўмир брикетини ишлаб чиқариш бўйича ускуналар билан жиҳозланадиган "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти ҳудудий дистрибьюторлик марказлари филиаллари рўйхати ишлаб чиқилди. 84 кўмир омборини қуриш ва уларни турли қувватга эга бўлган ишлаб чиқариш ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Шу мақсадда 90 гектар ер майдони ажратиш режалаштирилган. 

Ҳужжатда қаттиқ ёқилғи нархини янада пасайтириш мақсадида "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти, истисно тариқасида, "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятига 2017 йил 1 мартгача аҳоли эҳтиёжлари учун кўмир маҳсулотларини ташишга амалдаги прейскурант ставкаларининг 50 фоизи миқдорида чегирма кўзда тутилган. Натижада кўмирнинг чакана нархи аҳоли учун 13 фоизга пасайиб, тоннаси 126 минг 400 сўмни ташкил қилади. Аҳолига сотиладиган кўмир нархларига риоя қилиш ва ушбу маҳсулот нархининг асоссиз равишда ўсиб кетиши устидан қатъий назорат ўрнатилди. 

2016 йилнинг 1 апрелидан буён бир тонна қаттиқ ёқилғининг нархи 146 минг 400 сўм этиб белгиланган эди. Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши билан бу нарх 126 минг 400 сўмгача пасайтирилди. Кўмир брикетлари олди-сотдисига ҳам шундай талаблар қўйилган бўлиб, унинг бир тоннаси 238 минг сўмни ташкил этади.

Кўмир қазиб олиш жараёнида қарийб 30 фоиз қаттиқ ёқилғи майдаланиб кетиши оқибатида чиқитга чиқарилади. Юртимизда ишлаб чиқариш, хусусан, замонавий технологияларга асосланган янги саноат корхоналарини ташкил қилишнинг ҳар томонлама рағбатлантирилиши самарасида мазкур хомашёни қайта ишлаб, янги турдаги маҳсулот – кўмир брикетини ишлаб чиқарувчилар сони ортиб бораётир. 

Кўмир брикетининг ихчам шаклга эгалиги уни ташиш, сақлаш ва фойдаланишда қулайлик яратади. Қолаверса, оддий кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғи манбаларига нисбатан узоқ ёниши, таркибида зарарли моддаларнинг камлиги, ёниб бўлгандан кейин ҳам ўзининг бирламчи шаклини йўқотмаслиги ва бошқа афзалликлари кўмир брикетининг аҳоли ўртасида тобора оммалашишига хизмат қилмоқда. 

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг истиқболдаги режалари улкан. Жамоанинг мақсади истеъмолчиларга сифатли кўмир маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш тизимини янада такомиллаштиришдир. Ана шу мақсад йўлида ҳудудларда бунёд этиладиган омборлар учун 45 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.