Наманганда Ҳиндистоннинг MJ Group компаниясининг молиявий иштирокида янги фармацевтика корхонаси фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда. Мазкур йирик лойиҳани амалиётга жорий этиш мақсадида  вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров MJ Group компанияси раҳбари ва таъсисчиси Лашвантал Шах ҳамда Marvel Lifesciences Ltd’нинг Россиядаги директори Шакил Аҳмедларни қабул қилди.

Суҳбат аввалида вилоят раҳбари меҳмонларни Наманганга қилган ташрифлари билан қутлади ва вилоятнинг бой табиий имкониятлари, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳақида гапириб берди. Ҳиндистонлик тадбиркорлар ҳам, ўз навбатида, нуфузли компаниянинг  йўналишлари, Ўзбекистонда амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳалар хусусида фикр юритишди. Маълумки, мазкур компания Европа, Осиё ва Африка қитъасининг кўплаб мамлакатларида 16 та шўъба корхонасига эга бўлиб, дори-дармон ишлаб чиқариш бўйича довруқ қозонган. Жаҳоннинг таниқли кимёвий компаниялари билан иш олиб боради.

“Учрашув якунида икки томонлама меморандум имзолаш юзасидан келишиб олинди.  Айтиш лозимки, MJ Group компанияси Наманганда инсулин ва доривор субстанциялар тайёрлашни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Шунингдек, қиймати 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ядохимикатлар ишлаб чиқарувчи завод барпо этиш ҳам кўзда тутилмоқда”, дейилади Наманган вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати берган маълумотда.