Январь ойи охирида Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Каспий денгиз мақомини аниқлаб олиш бўйича ишчи гуруҳ мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Озарбойжон республикаси ТИВ раҳбари ўринбосари Халаф Халафов маълум қилган. 

Каспий денгизи мақомини аниқлаб олиш масаласи СССР давлати парчаланиб кетганидан сўнг, кун тартибига чиқди. Халқаро ҳуқуқнинг янги субъектлари — Озарбойжон, Туркманистон ва Қозоғистоннинг пайдо бўлиши, денгизни беш давлат ўртасида тақсимлаш муаммосини пайдо қилди. Каспий мақомини аниқлашдаги мураккабликлардан бири, уни денгиз ёки кўл деб тан олишдан иборатки, халқаро ҳуқуқда денгиз ва кўлдан фойдаланиш алоҳида меъёрлар билан тартибга солинади.

"Январь ойи охирида Бокуда бўлиб ўтажак мажлис ТИВ раҳбарларининг учрашувига тайёргарлик бўлади. Конвенция лойиҳасининг келишилмаган жиҳатлари муҳокама қилинади. Албатта, саммитга тайёргарлик масаласи ҳам кўриб чиқилади", — деган Халафов журналистлар билан мулоқотда.