Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бозордан чўчишнинг ҳожати йўқ

Жамият 20 Январь 2017 46786

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Охирги пайтда «Бозор, бозор иқтисодиёти» сингари сўз ва жумлалар оғиздан тушмай қолди. Ҳамма ўз фикру тасаввурини айтмоқда, ўртоқлашмоқда, ўртага ташламоқда. Гап сўзлар ичида: «Бизнинг ота-боболаримиз савдогар ўтганлар, бу ишлар қонимизда, тарихимизда бор», деган фикрлар ҳам айтиляпти. Лекин ҳеч ким ўша ота-боболаримиз билган бозор нимаю ва не асосда собит бўлганлиги ҳақида бирор оғиз сўз айтгани йўқ. Эҳтимол бу шарқшуносларнинг вазифасидир, чунки маданий меросимиз таҳлилу тақдири уларга топширилган, ахир. Аммо бу соҳада ҳали қайта қуриш бўлгани, турғунлик йиллари қолипи шарқшуносларни ўзидан озод қилгани йўқ. Улар ҳозирги муҳим муаммоларни ҳал қилишга улкан маданий меросимиз тажрибаси асосида ўз ҳиссаларини қўшмоқлари зарур.

«Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» нақлига хилоф бўлса ҳам, ушбу мавзуда баъзи мулоҳазаларни ўртоқлашишни ирода қилдим.

«Бозор иқтисоди» тўғри атама, «бозор иқтисодиёти» дейиш нотўғри. Иқтисодиёт – иқтисоднинг жами, иқтисод эса арабча сўз бўлиб, тежамкорлик маъносини англатиб, Ғарб халқларидаги «экономика» атамаси ўрнида ишлатилади.

Айни пайтгача бозор иқтисодининг ҳар бир омиллари ҳақида қайта-қайта гапирилиб, турли шарҳлар ҳам қилинмоқда. Лекин бозорнинг ҳақиқий омили – инсоний омил ҳақида ҳеч ким гапирмайди. Ахир бозор иқтисодини амалга оширувчи, ундан фойда ёки зарар кўрувчи ҳам инсон-ку?!

Агар бозор иқтисодини амалга ошириш ҳалоллик, инсонийлик асосида бўлмаса, оқибати яхши чиқиши қийин. Буни кооперативлар мисолида кўрсак ҳам бўлади. Аслида уларга давлатнинг қўли қисқа бўлиб турган жойларда ёрдамчилик қилиш, халққа хизмат этиб, фаровонликни йўлга қўйиш учун рухсат берилган эди. Лекин булар пул орқасидан қувиб, ҳаром йўлдан бориб, муаммо устига муаммо қўшилишига олиб келдилар.

Ҳақиқатни айтганда, тўғри йўлга ўтиб олиш қийин бўлади. Инсон ўзини таниганидан буён ривожланиб, шаклланиб келаётган бозор иқтисодига энди ўтмоқчимиз. Йўл бошида турганимизда боболаримизнинг бу ишга муносабатлари қандоқ бўлган, улар буни қандоқ йўлга қўйганлар – шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш мақсадида дуру гавҳардан азиз улкан маданий меросимизга мурожаат қилсак, деб ўйлайман.

Бизнинг ота-боболаримиз бу соҳада ўзига хос тенглама ишлатганлар: Аллоҳ – Инсон – модда – вақт – иқтисодий равнақ.

Ислом ақидаси бўйича дунёдаги ҳамма иш Аллоҳ таолога бориб тақалади. Усиз ҳеч нарса бўлмайди. Шу билан бирга Аллоҳга иймон келтириш, ундан қўрқиш инсонни яхши ишларга чорлайди. У иқтисодга адолат, омонат, ҳалоллик маъноларини бериб, очкўзлик, судхўрлик, ҳаром ва адолатсизликлардан четлатади.

Иқтисод равнақи учун зарур омиллардан бири инсондир. Чунки ҳамма нарса одам учун. Аллоҳ таоло борлиқни ва ундаги нарсаларнинг ҳаммасини унинг манфаати учун яратганини Қуръони Каримда такрор-такрор айтган. Инсон иқтисодни ривожлантириш учун сабаб, бу нарса унинг ҳаракати билан амалга ошади. Агар инсон ҳаракат қилмаса, унга ризқ-рўз ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Касбларнинг шарафлиси» кишининг ўз қўли билан бажарадиган касбидир», деганлар. Амалга чорловчи оятлар, ҳадислар, асарлар жуда ҳам кўп. Биргина мисол келтирсак кифоя қилар: «Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу бекорчи одамларни учратиб қолиб: «Сизлар кимсизлар?» – деб сўрабдилар. Улар бўлса: «Биз таваккалчилармиз», дейишибди. «Ёлғон гапиряпсизлар дебдилар ҳазрати Умар, – Таваккалчи ерга уруғни сочиб қўйиб, сўнгра Аллоҳга умид боғлаганлар. Бирортангиз: «Ё бор Худоё, ўзинг ризқ бергин», деб ризқ талаб қилишдан ўтириб қолманг. Биласизки, осмондан тилла ёки кумуш ёғмайди», деганлар.

Ҳа, инсон ҳалоллик, поклик билан ўз жамияти равнақи учун ҳаракат қилмоғи Ислом дини тарғиб қилган ишдир.

Турли хилдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, иқтисодий тараққиёт учун интилиш фарзи кифоя бўлиб, бу нарса амалга ошмаса, ҳамма мусулмонлар гуноҳкор, баъзилари уни амалга оширсалар ҳамма гуноҳдан фориғ бўлади. Давлат эса бу ишларни турли усуллар билан қувватлаб туриши керак.

Учинчи омил моддий нарсалар бўлиб, улар хилма-хилдир. Жумладан, деҳқончилик, денгизчилик, саноат, ҳайвонот тарбияси, кончилик, ҳунармандчилик ва бошқалар.

Қуръони Каримда зироат – деҳқончиликка тарғиб қилувчи, ерни Аллоҳ таоло инсонга бўйсунадиган, ишлаб фойда оладиган қилиб қўйгани ҳақида оятлар кўп. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида: «Агар бир мусулмон кўчат ёки экин экса, ундан қуш еса ҳам, инсон еса ҳам экканга садақа қилганни савоби бориб туради», деганлар. Шу маънодаги бошқа ҳадислар ҳам беҳисоб.

Ҳа, Ислом деҳқончиликка тарғиб қилган, лекин фақат деҳқончилик билан машғул бўлиб, сигирнинг думида осилиб қолишдан қайтарган, саноатга ва ҳунармандчиликка ҳам уриниш зарурлигини уқтирган.

Бу ҳақда пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: «Агар ҳаром савдо қилсангиз, сигирнинг думидан маҳкам тутиб, экин-тикин билан рози бўлиб жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни солади ва динингизга қайтмагунингизча уни устингиздан кўтармайди». Ушбу ва бошқа ҳадиси шарифлардан уламоларимиз, саноатни ривожлантириш мусулмонлар учун фарзи кифоядир, деган ҳукмни чиқарганлар.

Бу ҳақда Қуръони Каримда «Анбиё», «Сабаъ», «Каҳф» ва бошқа сураларда оятлар бор. Ҳозир саноатнинг турли хилларисиз тараққиётга эришиб бўлмасликнинг яққол кўриниб тургани ҳам Ислом таълимотлари нақадар шомилу комил эканини исботлайди.

Тўртинчи омил – вақт омили ҳам муҳимдир. Яъни, вақтнинг қадрига етиш, уни бекор ўтказмаслик аҳамияти.

Ислом ақидаси бўйича инсон умридаги вақтнинг ҳар бир дақиқаси учун Аллоҳнинг олдида жавоб беради. Шунинг учун уни доимо фойдали, самарали ишларга сарфлаши зарур. Вақтни бекор ёки бефойда ўтказиш бизнинг жамиятимизда вабога айланиб қолганки, бундан тезроқ қутулмоқ даркор.

Фараз қилайлик, юқоридаги омиллар тайёр. Хўш, ана шунда иқтисодий тараққиёт ўз-ўзидан юзага келадими? Йўқ! Бу омиллар илмий асосда, ўзаро тўғри алоқада ривож топмоғи ва рўёбга чиқмоғи зарур.

Мисол учун, яхши деҳқон ва ер, уруғ ва асбоблар мавжуд. Лекин ер нимаю, уруғ нималигини тўғрироқ тушунмайдиган «раҳбар» юқоридан кўрсатмалар бериб турибди. Ҳеч нарса бўлмайди! Ер жуда нозик нарса, бир жойда бир хил деҳқончилик ривож топса, иккинчи ерда бундан ҳосил олиш амри маҳол. Курсида ўтирган планчи буни қаёқдан билсин, унга план керак, бошқа нарса билан иши йўқ. Умуман план, планчи (режа сўзи яхши, лекин қасддан шу иборани ишлатяпман) деган иборалар қаердан келган, ҳайронсан. Биздаги план ва планчилар ишга манфаат бермасликлари ҳаммага маълум.

Ўтган йили ўзбекистонлик халқ депутатлари пахта масаласида Москвада план ва планчилар билан ҳақиқий тўқнашувда бўлдилар. Қарангки, пойтахтдаги планчилар ичида пахта нималигини яхши биладигани йўқ экан.

Демак, деҳқонга эрк бериш керак, нимани қаерга, қачон, қандоқ экишни ва ишлов беришни ўзи билсин. Ахир қайси инсон ўз меҳнати беҳуда кетишини хоҳлайди! Худди шунингдек, бошқа соҳаларда ҳам. Бозорнинг ўз қоидалари бор, улар ишлаб чиқаришни ҳам, олди-соттини ҳам режага солиб олади.

Айтайлик, инсон ўз имкониятларидан фойдаланиб, яхши маҳсулот тайёрлади. Табиийки, у меҳнатининг самарасини кўриши керак, шундагина ишини янада зўр ғайрат билан давом эттиради, акс ҳолда ҳафсаласи пир бўлади.

Бизда эса бу табиий, мантиқий ҳолат йўқ. Унинг ўрнига мантиқсиз тартиб ҳукм суради.

Меҳнат натижасида юзага келган маҳсулотга меҳнат қилмаганлар нарх қўядилар. У ишлаб чиқариш жойидан харидорга етиб боргунча юзта тўсиқдан ўтади ва ҳар тўсиқ ўзига керагини шилиб қолади. Икки орада ишлаб чиқарувчи ва харидор жафо кўради, бояги тўсиқлар эса ишламасдан тишлайди, десак хато бўлмайди. Ишлаб чиқарувчи тўғридан-тўғри бозорга бормоқчи бўлсин-чи, бу дунёга келганидан пушаймон ейди.

Буюк ватандошимиз имоми Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Яъни: «Отлиқларнинг олдини тўсиб чиқманглар, шаҳарлик қишлоқликка савдо қилиб бермасин», дейдилар. Бу ўша вақтнинг содда бозори ва савдосининг васфи бўлса ҳам, ҳукми умумийдир. Яъни, олиб-сотарлар бозорга ўз маҳсулотларини олиб келаётганларнинг йўлини тўсиб чиқиб, улардан арзонга олиб, бозорда қимматга сотмасинлар, чунки бозорга келмаган киши нархни билмай адашади. Бозорга келса, нархини билади ва энг муҳими молнинг ҳақиқий эгаси чайқовчидан кўп марта сахий бўлади, бу эса харидорга ҳам фойда.

«Шаҳарлик қишлоқликка савдо қилиб бермасин», деганлари маҳсулот ишлаб чиқарувчидан савдогар (одатда шаҳарлик бўлади): «Молингни қўйиб кет, сотиб бераман», деб олиб қолмасин. Бу ҳам ишлаб чиқарувчига ва ҳам харидорга зарар. Ҳозир дунёнинг ҳамма жойида маҳсулотнинг тўғридан-тўғри бозорга олиб борилиши йўлга қўйилган. Олувчи ва сотувчи ўзаро розию ризо савдо қилишса бўлади. Албатта, бу бизнинг тасаввуримиздаги пештоқига «Бозор» деб ёзиб қўйилган жойда бўлиши шарт эмас. У кенг маънодаги тушунча эканлигини унутмаслигимиз керак.

Шу ўринда бозор иқтисодидаги энг муҳим омиллардан бири – савдода Ислом қаттиқ ман қилган ҳаром ишни эслатиб ўтиш зарур. У ҳам бўлса, «эҳтикор» – нархни сунъий кўтариш учун уринишдир. Бу ишнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром, катта гуноҳ. Пайғамбар алайҳиссалом «фақат хатокоргина «эҳтикор» қилади» деганлар. Бу ҳадисдаги «хатокор» сўзи енгил сўз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Фиръавнни хатокор деб номлаган. Бошқа бир ҳадисда эса: «Эҳтикор қилувчи қандоқ ҳам ёмон банда, арзончиликни эшитса хафа, қимматчиликни эшитса хурсанд бўлади», деганлар.

Шу билан бирга жамият фойдасини кўзлаб, келажакдаги қийинчиликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида режали равишда керакли маҳсулотларни сақлаб қўйиш нафақат мумкин, балки зарур. Буни кўпроқ ҳукумат қилади. Қуръони Каримда ҳазрати Юсуф алайҳиссалом ҳосилнинг маълум миқдорини келажакдаги очарчилик йилларида ишлатиш учун бошоғида олиб туришга буюрганлари ҳужжат сифатида келтирилади.

Шубҳасиз, юқоридаги ишларни амалга оширишда ҳукуматнинг ўрни катта. Хусусан ҳозир бизда ҳамма нарса ҳукуматнинг қўлида. Лекин бор-йўқни тўплаб олиш яхши эмаслиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Шунинг учун ҳам кўпгина нарсаларни ширкатларга, қўшма корхоналарга ва бошқаларга бериш режалаштирилмоқда. Шу борада ўтган йили бўлиб ўтган бир суҳбатни такрор-такрор айтишни ўзимга лозим кўраман. Саудия Арабистонида Жидда шаҳридан подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз билан учрашиш учун ар-Риёд шаҳрига махсус самолётда учдик. Бир киши меҳмондорчилик уюштириб, хизмат қилиб турдилар. Кейин билсам, исмлари Али Ризо бўлиб, самолёт ҳам у кишиники экан. Мен ул зотдан, бизда Саудия ҳукумати нефтни сотиб, пулни босиб олган, хоҳлаганини қилаверади деган тасаввур бор эди. Лекин келганимиздан бери ҳукуматники деган нарсани кўрмадик, дўконлар, таксилар, меҳмонхоналар ва бошқа нарсалар, жумладан самолётлар ҳам шахсий экан, ҳукумат нима қилади, деб сўрадим. Али Ризо, Муфтий ҳазрат, бизда ҳукумат ҳукм қилади, ишни биз бажарамиз, деди.

Ҳа, ҳукумат ҳукм қилиш керак. Тўғри, ҳаётнинг ҳамма соҳаси ҳукумат билан боғлиқ, жумладан иқтисод ҳам. Бу ишда ҳукумат етакчи шахс сифатида иштирок этиши зарур, бироқ ҳаммасини ўзиники қилиб олиб, бошқаларнинг йўлини тўсмаслиги лозим.

Ҳукумат ватан равнақи, жамият фаровонлиги учун хизмат қилаётганларнинг ҳимоясини таъминлаши, иш шароитларини яратиб бериши, улар ўртасида келишмовчиликлар юзага келса адолатли ҳукм чиқариши зарур. Бу ва бошқа хизматлари учун ҳукумат солиқ олиши йўлга қўйилади.

Ҳозирги ҳолатда турли гап-сўзларни йиғиштириб қўйиб, ўзимизни керакли барча нарсалар билан таъминлаш чораларини кўришимиз шарт. Очиғини айтай, озиқ-овқатни бошқалардан олиб кун кўрадиган халқ, мингта мустақиллик декларациясини қабул қилса ҳам, ўзини мустақил ҳис қилишга ҳаққи йўқ. Чунки бериб турганга бирор сўзинг ёқмай қолса ҳам, керакли нарсани «тортиб» қўйиб, сенинг мустақиллигингни бир пулга чиқаради.

Барча зарурий нарсаларни муҳайё этишни эса ўзимиздан бошқа ҳеч ким биз учун қилмайди. Ҳатто Аллоҳ таоло ҳам нафсини ўзи ўзгартирмаган қавмнинг ҳолини ўзгартирмаслигини Қуръони Каримда айтган.

Менингча, аввало ички имкониятларни ишга солиш керак. Ерлардан тўлиқ фойдаланиб, буғдой, шоли, арпа каби экинларни кўпроқ экиш зарур. Яқин-яқинларгача одамлар адирларга буғдой, арпа сепишар, серсув ерларга шоли экишар эди. Пахта яккаҳокимлиги пайтларида ҳаммаси ман қилинди. Бундоқ иш билан шуғулланадиганлар қувғин этилдилар. Кишиларнинг томорқасигача чигит қадалди, ҳатто Оролни қуритиб, ўрнида пахта етиштиришни орзу қилувчилар ҳам топилди. Оқибати нимага олиб келгани ҳаммага аён. Энг афсусланарлиси шуки, кишиларда ушбу ишларни қилишдаги малака, тажриба йўқолди. Буни қайта тиклаш осон бўлмайди. Лекин барибир йўлга қўйиш керак. Ҳар бир хўжаликнинг бир-икки йилга етадиган дони, шолиси бўлса қандоқ яхши. Шу билан бирга, ота-боболаримиздан қолган тегирмон ва обжувозларни қайта ишга солмоқ даркор. Ҳозир майда корхоналар тузиш керак деб кўп гапириляпти, булар ҳам майда корхона. Ҳам қўшимча иш жойлари пайдо бўлади, ҳам ишлар юришади. Деҳқончилик ва боғдорчиликни кенг ривожлантириш зарур. Бу борада кишиларга томорқа ерлари ажратиб бериб, ҳукумат катта иш қилди. Албатта, бу осонлик билан бўлгани йўқ, катта тортишувлар, баҳслардан сўнг, шундоқ қилинса озиқ-овқат маҳсулоти кўпаяди, деган яхши умидда бошланди. Ер текислаш пора олиш билан қўшиб олиб борилган жойлар ҳам кам бўлмади. Ерни эса керак ҳам олди, керакмас ҳам олди. Оқибатда бўлиб берилган кўпгина ерлар қаровсиз қолди. Бу эса катта гуноҳ.

Чорвачиликни, айниқса, жадал ривожлантириш керак. Бир вақтлар одамлар қўлидаги ҳайвонлар тортиб олинди. Бирорта товуқ боқмоқчи бўлганларга ҳам солиқ солинди. Жамоа чорвачилиги эса тузилганидан буён зиёнкор соҳа бўлиб келмоқда. Аввал айтганимиздек, бу жабҳада ҳам катта узилиш рўй берди, кишиларда малака, тажриба қолмади. Ҳатто шу даражага бориб етдики, болаларга қўй билан эчкининг фарқини англатиш учун мол бозорига олиб бориб тушунтиришга тўғри келди. Ҳозир республика раҳбарлари зотдор чорва молларини келтириб аҳолига сотишни йўлга қўймоқчилар, бу жуда яхши иш. Шу билан бирга яйлов ем-хашак ва бошқа муаммоларни ҳам биргаликда, яъни мутаносиб равишда ҳал қилиб бориш керак.

Халқ ҳунармандчилиги – майда корхоналарни ҳам ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Модомики халққа керак экан, бешикми, сандиқми, обдастами ёки бошқа нарсами – чиқаравериш лозим. Нима керагу нима керак эмаслигини бозорнинг ўзи ҳал қилиб олади.

Турли-туман тақиқлар халқимизнинг тафаккурини, ижодий қобилиятини ва янгиликка интилиш ҳиссини сиқиб қўяди. Ҳасадгўйлик, бир-бирини кўра олмаслик уя қўйди. Ким яхшироқ нарсага эга бўлса, ундан шубҳаланиш, кетидан пойлаш авж олди. Оқибат маълум – ҳаммадан орқада қолдик. Хусусий уйлар, давлат уйларини кўринг, ҳаммаси бир-бирига ўхшаш ноқулай, яшаш шароитлари мукаммал эмас. Бу юқорида тавсифланган номаъқул сиёсатнинг самараси эмасми, ахир!

Яна бир мисол. Қўлда тўқилган атлас дастгоҳдан чиққанидан афзал эканини ёшу қари яхши билади. Лекин қўлда тўқиш ман қилинган. Халқда талаб кучли бўлганидан ҳунармандлар махфий равишда атлас тўқийдилар. Албатта, биринчи харидор – ман қилганларнинг хотинларию келин-қизлари. Орада баъзи бир устамон фирибгарлар бойлик орттирадилар. Оддий тўқувчи ҳеч қачон молини ўзи пуллай олмайди. Бирор корхонага номи қоровул деб ёзиб қўйилган чайқовчи эса хоҳлаган пулига сотади, унинг танишлари бор, қўлга ҳам тушмайди, биров мушугини пишт ҳам демайди. Шундоқ қилиб, «қоровуллик»дан юз минг сўмлаб пул топиб, босар-тусарини билмай юраверади. Шунинг ўрнига ҳунармандни эркин қўйиб, шароит яратиб бериб, фойдасига давлат шерик бўлса яхши эмасми. Булардан бошқа ички имкониятлар ҳам кўп, фақат ҳаммасидан фойдаланиш керак, холос.

Ҳозир одамларни бозор иқтисоди билан қўрқитиш одат бўлиб қолди. Ундоқ бўлади, бундоқ бўлади, нарх ошади, нарса камаяди ва ҳоказо. Оқибатда бозорга «тайёргарлик» кўриб, керак бўлса ҳам, бўлмаса ҳам қўлга кирган нарсани тўплашга киришиб кетилди. Танқислик бошланди, кераксиз жун кийим-кечакка куя тушди, бузилган озиқ-овқат маҳсулотларни ахлатхонага ташлаш бошланди. Бемалол ўйлаб кўрсак, биз аллақачон бозор иқтисодига қисман ўтиб бўлганмиз. Дастурхонга бир назар ташланг, давлат нархида сотиб олинган нарсалар кўпми ёки бозор нархидагисими? Халқимиз меҳнаткашлиги туфайли давлатнинг берганига қараб турмай, ўзи доим ҳаракат қилиб келган. Бошқа жумҳуриятлардагилар қўрқсалар бўлади, чунки улар ҳамма нарсада давлатга қарам бўлиб қолишган. Нон ёпиш, қўй боқиш, боғ қилиш ёки том солиш қандоқ бўлишини унутишган.

Бозор иқтисодига ўтилса, кишилар табақаларга бўлинадилар: бойлару ўта бойлар, камбағаллар ўта камбағаллар юзага чиқишади, дейишади баъзилар.

Ҳозир-чи, ҳозир барча бараварми? Йўқ, ҳозир ҳам худди шундоқ. Лекин эътироф қилинмаган бойлар ва ўта бойлар одатда қонунбузарлик билан дунё тўплашгани учун ўзларини ошкор қилмайдилар, холос. Бунинг устига, ўта бойларнинг бир қисми қамалиб кетди. Энди бозор иқтисоди бўлса, ҳамма нарса ўз номи билан аталади, холос.

Ҳалол йўл билан бой бўлиш яхши нарса. Ислом камбағалликка қарши. Бойлар эса доимо камбағалларга ёрдам беришлари зарур. Шариатда бойлиги нисобга (маълум миқдорга) етган киши йилига ўз бойлигининг 2,5 фоизини камбағалларга бериши фарз. Акс ҳолда катта гуноҳ қилган бўлади, камбағалларнинг ҳақини еган ҳисобланиб, ҳамма моли ҳаромга чиқади ва қиёмат куни бўйнига улкан илон бўлиб ўралади. Закотнинг тафсилоти алоҳида бир мақола бўлиши керак, шунинг учун бу ерда гапни чўзиб ўтирмаймиз.

Шунингдек, хайр-эҳсон, муҳтожларга ёрдам ишлари кенг йўлга қўйилиши шарт. Жамиятнинг ҳеч бир аъзоси қаровсиз қолмаслиги керак. Бу – барчанинг вазифаси. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Гарчи бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг» деганлар. Яъни, арзимаган нарса бўлса ҳам муҳтожларга беринг, деганлари бу. Бир кучи пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳга қасамки мўъмин эмас, Аллоҳга қасамки мўъмин эмас, Аллоҳга қасамки мўъмин эмас», деганларида, саҳобалар: «Ким эй, Аллоҳнинг расули?» – дептилар. Шунда у зот: «Кимки қўшни оч эканини билиб туриб, ўзи тўйиб уйқуга ётса», – дептилар. Бу борада ҳам алоҳида боблар бор.

Бозор иқтисодига тайёргарлик кўриш жараёнида меҳр-шафқат, ҳайр-эҳсон маъноларини ҳам онгларига сингдириб бормоқ лозим. Чунки бу маънолар бизда деярли йўқ бўлиб кетган.

Ислом таълимоти бўйича мазкур ишлар ҳар қайси диёрда фаровонлик, ободончилик ва серобликнинг шартларидандир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Силаи раҳм (қариндошларга яхшилик қилмоқ) ва қўшниларга яхшилик қилмоқ диёрларни обод ва умрларини зиёда этади» деганлар. Демак, хайр-эҳсондан фақат уни олувчи эмас, балки берувчи ҳам ва қолаверса, жамиятнинг барча аъзолари, диёрнинг ўзи ҳам баҳраманд бўлар экан.

Фаровон турмушнинг шартларидан яна бири Аллоҳнинг берганига шукр қилиш, ҳаддан ошмаслик, туғёнга кетмаслик ва исрофгарчиликка йўл қўймасликдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар, албатта. У (Аллоҳ) исрофгарчиликни ёқтирмайди», деган. Ҳозирги етишмовчилик даврида ҳам бизда исроф ҳаддан ташқари эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Етиштирилган ҳосилнинг тўртдан бири исроф этилса турли маросимлардаги исрофгарчиликлар, оддий ҳаётдаги исроф, ҳаммаси тўпланиб келиб улкан зарар эканини ҳар биримиз яхши тушуниб етмоғимиз керак.

«Тоҳо» сурасида Аллоҳ таоло: «Сизларга ризқ қилиб берилган нарсаларнинг покларидан енг ва туғёнга кетманг (ҳаддингиздан ошманг) (агар шундай бўлса) сизларга ғазабим тушишига сабаб бўлади», дейди. Ҳа, ношукурлик, ҳаддан ошиш, тўс-тўполонлар Аллоҳнинг ғазабига дучор этади. Узоққа боришнинг кераги йўқ, ҳозирги кунимизга назар солайлик: ношукрлик ва тўполон марказларида зилзила, бошқа табиий офатлар, маркабларнинг тўқнашувлари, ҳалокатга учрашлари ва ҳоказолар тинмай рўй бериб турибди. Аллоҳ таоло ўшандоқ жойлардан ҳеч бўлмаса баракани кўтариб қўяди. Буни Москва шаҳри мисолида кўриш мумкин – одамлар очкўз бўлиб қолишган, барака йўқ, ейди-ю тўймайди. Бошқа жойларда ҳам барака кўтарилса, аввал бир тишлам нонга тўядиган одам икки-уч бурда нон ейдиган бўлиб қолади. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг «Наҳл» сурасида шундай дейилади: «Аллоҳ бир тинч-омон, хотиржам диёрни мисол келтиради, у (диёр) нинг ризқи тўкис бўлиб, турли маконлардан келиб туради. Бас Аллоҳнинг неъматларига у (диёр) куфрон (ношукрлик) қилди. Шу сабабли Аллоҳ таоло уларга очлик ва хавф-хатар либосини кийгазди». Бундоқ ҳолатлардан барчамизни Аллоҳ таолонинг ўзи сақласин!

Кишиларни бозор иқтисоди, қимматчилик ва бошқа қийинчиликлар билан қўрқитмаслик, балки уларни бундай ҳолатларда ўзини қандоқ тутишга ўргатиш керак. Аллоҳнинг хазинаси катта, неъматлари кўп, «Иброҳим» сурасида: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, ҳисобига ета олмайсиз», дейилган. Лекин Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолатига қараб ризқ беради. Кишилар инсофу тавфиқда юрсалар, баракали ризқ улашади, туғёнга кетиб, ношукрлик қилсалар, ризқни ҳам тортиб қўяди.

«Аъроф» сурасида шундай дейилади: «Агар диёр аҳолиси иймонли ва тақволи бўлса, биз уларга осмонлару ердан барака (эшигини) очиб қўямиз…» «Шўро» сурасида эса: «Агар Аллоҳ ўз бандаларига ризқни жуда кенг берса, улар ер юзида бузғунчилик қиладилар. Лекин (Аллоҳ) ўз хоҳишича ўлчовли ризқ туширади. Албатта, У ўз бандаларининг барча ишларидан хабардор ва уларни кўриб турувчидир».

Хулоса қилиб айтганимизда, ноумид – шайтон, тушкунликка тушмаслик керак, ғайрат-шижоат билан ҳаракат қилиш зарурки, бозор иқтисоди шароитида меҳнатни, ақлу идрокни, ҳисоб-китобни, инсофу диёнатни, саховату сабр-тоқатни ихтиёр этсак, иншооллоҳ, фаровонлик, буст-бутунлик, тўқликни Аллоҳи карим дариғ тутмайди. Омин!

«Халқ сўзи», 1991 йил 28 февраль.
Манба: ziyouz.uz

Кун янгиликлари
Дайжест: Президент Навоийда, яна бир миллат европалик бўлди, Парижда намойиш – Хитой ўйинда ва бошқа хабарлар
21:48 / 28.03.2017 2997 Жаҳон
Халқаро бухгалтерияни MERIT EDUCATION’да Фаридун Одилов билан ўрганинг
14:25 / 28.03.2017 4203 Жамият
Ўртоқлик учрашувлари. Нидерландия яна ютқазди. Португалия сенсацияга сабабчи бўлди
02:10 148 Спорт
Россия қўшимча дақиқада киритилган гол эвазига Бельгия билан дуранг қайд этди
02:04 96 Спорт
"GM Uzbekistan" апрелдан АУК билан жиҳозланган автомобиллар улушини оширади
3D-принтер ёрдамида 103 ёшли пойга автомобили тикланди
"GM Uzbekistan" сотилган автомобилларга хизмат кўрсатиш борасидаги саволларга жавоб бермоқда
Ўзбек ҳайдовчилари учун Афғонистон чегарасидан ўтиш қийинлаштирилди
01:16 898 Жамият
Польша Европа Иттифоқи тезкор кучлари таркибидан чиқади
01:03 360 Жаҳон
Индонезияда бедарак йўқолган йигит бўғма илон ичидан топилди
00:49 1609 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар