Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Президенти Сержо Маттареллага Гран-Сассо-д'Италия тоғли ҳудудида рўй берган тоғ кўчкиси натижасида инсонларнинг ҳалок бўлганлиги муносабати билан чуқур таъзия изҳор этилган мактуб йўллади. Бу ҳақида Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, шунингдек жароҳатланганларга самимий ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради. 

Чоршанба куни кучли ер ости силкинишларидан кейин Марказий Италияда содир бўлган қор кўчкиси 34 киши жойлашган меҳмонхонани босиб қолди. ОАВ маълумотларига кўра, қутқарувчилар 6 нафар жабрланувчини тирик ҳолда топишган.