Америка ва Ирландия олимлари Дунё океани сатҳининг ҳалокатли тарзда кўтарилиши эҳтимолини рад этишмаган. Бундай фожиали табиат ҳодисаси геология нуқтаи назаридан яқин келажакда, аниқроғи, бир неча юз йил ёки минг йилларда юз бериши мумкин. Ушбу мавзуга доир тадқиқот натижаси Science журналида чоп этилган. 

Олимлар, 116-129 минг йиллар аввал, икки муз даври ўртасидаги даврда Дунё океани юзасининг ҳарорати ҳозирги давр кўрсаткичи билан деярли бир хил бўлганини намойиш этишди. Шу билан бирга, ўша вақтда, мутахассисларнинг сўзларига кўра, сув сатҳи ҳозиргидан 6-9 метр баланд бўлган. 

Маълум бўлишича, муз даври бошланишининг илк босқичларида, яъни тахминан 129 минг йиллар аввал, Дунё океанининг сатҳи 1870-1889 йиллардаги кўрсаткичларга мос келган.

Шундан сўнг, 125 минг йиллар илгари, денгиз сув юзасининг ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича 0,5 даражага кўтарилган ва ҳозирги замон даражасига тенглашган. 

Олимлар, Дунё океанининг муз даврлари оралиғидаги ҳарорати ва сатҳига оид маълумотларни ҳозирги кўрсаткичлар билан қиёслаган ҳолда ўз хулосаларини тақдим этишган. Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу тадқиқот глобал иқлим исишининг денгизларга қандай таъсир кўрсатишини ўрганишда ёрдам беради.