Тожикистон ички ишлар вазири маълумотларига кўра, Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарага яқин ҳудудида 10 минг жангари бир жойга тўпланган.

Мамлакат ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода журналистларнинг Афғонистон томондаги тожик-афғон чегарасида ҳозир қанча жангари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга – тахминан 10-15 минг, деб жавоб қайтарган.

«Биз аниқ рақамларни келтира олмаймиз, бироқ уларнинг сони 10-15 минг киши атрофида бўлиши мумкин. Афғонистондаги вазият мураккаблигича қолмоқда. Бу барчани ташвишга солаётгани ҳеч кимга сир эмас», - дея таъкидлаб ўтди ИИВ раҳбари.

Шу билан бир қаторда, унинг қўшимча қилишича, Афғонистонда Тожикистоннинг турли террорчилик ташкилотлари сафига кирган фуқаролари ҳам бор. «Бироқ у ерда фақатгина Тожикистон фуқаролари эмас, балки кўплаб мамлакатлардан келган кишилар бор. Афғонистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари у ерда кечаю кундуз ишлар олиб бормоқда, аммо вазият жуда оғир», - деди вазир.

У Тожикистон томони чегарани тўлиқ назорат остида ушлаб турганини айтиб ўтган.