АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп инаугурацияси куниёқ биринчи фармонларини имзоламоқчи, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Трамп ўз ваколатларидан фойдаланиб, Мексика билан чегара қуриш ва иммиграцияни чеклаш бўйича биринчи қадамларни амалга оширмоқчи. Бундан ташқари, у Барак Обаманинг баъзи қарорларини бекор қилмоқчи. 

Трамп, шунингдек, 21 январда уни сайловолди кампанияси вақтида ва сайловдан кейин кескин танқид қилган Марказий разведка бошқармаси бош қароргоҳига ташриф буюрмоқчи.

Трамп учун у имзолаши мумкин бўлган 200 га яқин фармон лойиҳалари танлаб олинди. Трамп улардан энг муҳимларини танлаб олади.

АҚШ президенти ҳокимияти чекланган бўлиб, унинг кўплаб фармонларини конгресс (агар маблағлар ажратишдан бош тортса) ёки суд (агар фармонни конституцияга зид деб топса) тормозлаши мумкин. Обама ўз вақтида пул ажратишдан бош тортган конгресс сабабли Гуантанамодаги ҳарбий турмани ёпа олмаганди. Обаманинг миллионлаб ноқонуний муҳожирларни қонунийлаштириш ҳақидаги фармонлари суд томонидан бекор қилинган.