2017 йилнинг 20 январь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг маслаҳатлашувларида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди

Мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев ҳам иштирок этди. 

Учрашув олдидан Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров делегациялар раҳбарлари билан суҳбатлашди. 

Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўринбосарлари ташкилотни кенгайтириш нуқтаи назаридан ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг амалий масалаларини кўриб чиқдилар.

ШҲТ доирасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва гуманитар алоқалар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ва амалий чора-тадбирлар батафсил муҳокама қилинди. ШҲТ ҳудудида тинчлик ва барқарорликни сақлаш, фаровонлик ва тараққиётни таъминлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга аъзо давлатлар тайёр эканлиги якдиллик билан тасдиқланди. 

Маслаҳатлашувлар чоғида ташкилотни кенгайтириш жараёнининг муваффақиятли бориши, авваламбор, Ҳиндистон ва Покистоннинг тўлақонли аъзоликка қабул қилиниши кўп қиррали тенг ҳуқуқли ҳамкорлик салоҳиятининг янада ортишига, ШҲТнинг халқаро нуфузи ва ролининг ошишига имкон яратиши қайд этилди.