Ўзбекистон фуқароси Р. Матмуратов Россиянинг Астрахань вилоятига автомобиль юкхонасида яшириниб, кириб келмоқчи бўлган. У Россия ҳудудига 2017 йилнинг ноябрига қадар кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди, деб хабар берди 1news.uz.

Эркак биринчи омадсиз ҳаракатидан сўнг ўзига ҳамтовоқ топган – астраханлик А. Ўрозалиев.

Ўрозалиев ўтган йилнинг октябрида ўз машинасида Қозоғистонга келиб, Матмуратов билан учрашади. Улар режани муҳокама қилишган: Ўзбекистон фуқароси чегарагача йўловчи сифатидан боради, ундан кейин, Россиядаги ўтказиш пункти яқинида юкхонага жойлашиб олади. Ўрозалиев эса маълум бир маблағ эвазига уни РФ ҳудудига муаммоларсиз олиб кириб қўйишни ваъда қилади. Шундай бўлди ҳам, бироқ «Караузек» ўтказиш пунктида автомобиль чегарачилар томонидан тўхтатилди.

Ўзбекистон фуқароси давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтгани учун 11 ойга колония-қишлоққа юборилди. Унинг ҳамтовоғи эса 60 минг рубллик жаримага тортилган.