Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 12 февраль куни Анталия шаҳрида Арманистон терма жамоасига қарши ўтказилиши режалаштиришган ўртоқлик учрашуви бекор қилинди, дея хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати.

Манбага кўра, ўйин Арманистон футбол федерацияси томонидан бекор қилинган.

Ўйин миллий терма жамоанинг 9–13 февраль кунлари Туркияда ташкил қилинадиган ўқув-машғулот йиғинлари доирасида ўтказилиши кўзда тутилганди. Арманистон термаси Туркиядаги сиёсий барқарорсизлик туфайли у ерда йиғин ўтказишдан бош тортди ва юзага келган ноқулайлик учун Ўзбекистон футбол федерациясидан узр сўради.

Федерация матбуот котиби Санжар Ризаевнинг твиттерда ёзишича, айнан шундай мазмундаги хат АФФ вице-президенти Ашот Манукян номидан ЎФФга келиб тушган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига учинчи саралаш босқичини 23 март куни Сурияга қарши сафардаги ўйин билан давом эттиради.

Маълумот учун, Саралаш босқичи «А» гуруҳи 5-туридан кейин Сурия 5 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистон терма жамоаси эса гуруҳ пешқадами Эрондан 2 очко орқада қолган ҳолда 9 очко билан 3-ўринни банд қилган.