19 январни бутун Ўзбекистон спорт байрамидек ўтказди. 30 ёшли Денис Истомин фаолиятидаги энг яхши учрашувларидан бирини ўтказиб «Улкан тож» туркумига кирувчи турнирларнинг сўнгги йиллардаги гегемони, жумладан Australian Open  мусобақасининг 6 карра ғолиби Новак Жоковични мусобақадан чиқариб юборди. Бу ғалаба Денисни қисқа муддатда дунёнинг энг машҳур теннисчига айлантирди. Ҳеч бир муболағасиз айтилаётган гап бу. Биргина твиттер ижтимоий тармоғининг ўзида жаҳон трендига Istomin атамаси биринчи ўринга-да чиқиб кетди. Бутун дунё унинг ғалабасини муҳокама қилди. 

Бир кунда шу қадар катта машҳурликка эришган спортчи ҳақида нималарни биламиз? Денис Истомин дунёнинг энг кучли теннисчини мағлуб этишгача бўлган даврда қандай йўлларни босиб ўтган? Рейтингда 117-ўринда бўла туриб бундай натижага эришиш учун қандай спортчи бўлиш керак? Tribuna.Uz юқоридаги барча хусусиятларни ўзида жамлаган, Ўзбекистон спорти тарихидаги энг яхши теннисчи ҳақида мақолa чоп этди.

Денис ва Ўзбекистон
Денис 1986 йилда Россиянинг Оренбург шаҳрида туғилган. Аммо у қандайдир молиявий бонуслар сабаб Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб қолмаган. Унинг отаси Олег Истомин аслида Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Денис туғилган пайтда у Оренбургда ишларди, Денис уч ойлик бўлганида оила яна ўз ватани Ўзбекистонга кўчиб келади ва Денис шу ерда, Тошкентда улғаяди. Шу сабабдан ҳам Денис қайси юрт шарафини ҳимоя қилиши кераклигини ортиқча ўйлаб ўтирмаган. Албатта Дениснинг бугунги муваффақиятлари замирида Ўзбекистон теннис федерациясининг кўмаги ҳам катта бўлганини таъкидлаш ўринли.

2001 йилда Истомин Фьючерс таснифидаги турнирлардан бирига кетаётганида автофалокатга учрайди. Фалокат натижасида у қаттиқ жароҳат олади. Шифокорлар унга энди ҳеч қачон профессионал теннисга қайта олмаслигини айтади. Қўлига ракеткани ҳам ушлай олмай қолган Денисга Ўзбекистон теннис федерацияси ёрдам қўлини чўзади. Дениснинг даволаниб, тикланиши учун барча молиявий харажатларни ўз бўйнига олади. Ҳали жаҳон миқёсида айтарли ҳеч нарсага эришмаган 15 яшар бола учун кўрсатилган бу каби қўллаб-қувватлаш катта қаҳрамонлик эди. Йиллар ўтиб Денис федерация адашмаганини исботлади ва уларга миннатдорчиликни ўз натижалари билан қайтариб берди.

Денис Истоминни чин маънода ватанпарвар дейиш мумкин. У ўзининг юрти деб Ўзбекистонни билади ва бу юрт шарафини ҳимоя қилишдан ҳеч қачон бўйин товламаслигини айтиб келган. Бир йил муқаддам россиялик журналистларга интервью бераркан, Денис теннисчининг шахсий манфаати учун ҳеч нарса бермайдиган Девис кубогида нега бот-бот иштирок этаверишини жуда чиройли жавобда ифодалаб ўтади.

«Дэвис кубоги шундай мусобақаки, чиндан ҳам у теннисчига ҳеч нарса бермайди - на рейтинг очколари ва на пул. Сен шунчаки, ўз Ватанинг шарафини ҳимоя қиласан. Бундай вазиятда инсондаги ватанпарварлик ҳисси синовдан ўтади. Шу боис мен ҳеч қачон мазкур мусобақадан бош тортган эмасман. Ҳаттоки бу менинг режаларимга, соғлиғимга зарар келтирса ҳам. Боз устига, кетма-кет уч кунлик ўйинларда ҳолдан тоясан. Масалан, яқинда (2015 йил, куз) биз америкаликлар билан куч синашдик ва Санкт Петербургдаги турнирга ҳам чарчоқ аломатлари билан етиб келдим. Аммо ҳеч қиси йўқ. Чунки ўз Ватанингда кортга чиқишнинг гашти бошқача. Бу — ишқибозларга алоҳида завқ бағишлайди. Улар сенга чин дилдан, астойдил мухлислик қилишади. Сен эса уларга ёқадиган ўйин кўрсатишга интиласан. Шундай экан, Ватан номидан кортга чиққанингда қандайдир зарар ҳақида ўйлаб ўтириш ортиқча», деганди Истомин «Чемпионат» мухбирининг саволига жавоб қайтара туриб.

Ирода — ғалаба гарови
2003 йилда Денис ҳаммани ҳайратга солади ва катта спортга қайтишга муваффақ бўлади. Шифокорлар уни спортдан қайтариш учун қанчалик уринишмасин, теннисга бўлган муҳаббат унга куч бағишлайди. Машғулотларга тўлиқ киришиб кетган спортчи, орадан икки йил ўтиб илк марта ўзи иштирок этган турнирда ғалаба қозонади. 2005 йилдан бошлаб шу кунга қадар «Фьючерс» ва «Челенжер» каби турнирларда у жами 15 марта бош совринларни қўлга киритган.

Аммо профессионал теннисда муваффақиятлар асосан АТР таснифидаги мусобақалардаги ғалаба билан ўлчаниши сабаб, Дениснинг том маънода муваффақиятли теннисчи дейиш учун унга шундай соврин етишмаётганди. Ниҳоят 2015 йилнинг ёзига келиб, Денис 29 ёшида АТР таснифидаги турнирларда ўзининг илк ғалабасига эришди. Ўшанда Британиянинг Ноттингем шаҳридаги чимли кортларда кечган турнир финалида америкалик Сэм Куэррига қарши ўйинда Истомин 7/6, 7/6 ҳисобида ғалаба қозонганди. Иккинчи сетнинг тай-брэкида 1:5 ҳисобида имкониятни бой бериб турган Денис ирода кўрсатиб ўша вазиятдан ҳам чиқиб кетган ва ғалабани ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлганди. У АТР таснифидаги турнирларда юзтадан ортиқ учрашувда ғалаба қозонган ягона ўзбекистонлик теннисчи саналади. Шунинг ўзиёқ Дениснинг ўзбек тенниси тарихидаги ўрни қай даражада эканини кўрсатиб беради.

Албатта 15 йил муқаддам содир бўлган машъум воқеа асоратлари ҳалигача бор. Денис жуда кўп марта ўша воқеадан қолган жароҳатидаги оғриқлар сабаб ўйинларни бир хил савияда ўтказа олмайди. Кўп марта жароҳати сабаб ўйинни, мусобақаларни якунлашга мажбур бўлган, лекин ҳар гал ўзини қайта тиклаб сафга қайтаверади, курашаверади. Унинг теннисдаги сўнгги 10 йили худди шундай ўтмоқда. Шу ҳолатида ҳам у 2012 йилда АТР рейтингида 33-ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлган.

Она-бола жуфтлиги

Денис беш ёшидан бошлаб теннис билан шуғулланиб келган бўлса, ҳозирги кунгача унга онаси, собиқ теннисчи Клавдия Истомина мураббийлик қилиб келади. Денис автофалокатга учрагач, унинг спортга қайтишида энг катта далдани берган ҳам айнан Истомина бўлади. Бугунги кунда Денис ўз онаси мураббий бўлган ягона теннисчи саналади. Денис интервьюларида ҳазил аралаш, онасининг мураббийлиги унга иқтисодий тарафдан ҳам енгиллик беришини айтади. «Ортиқча пулга мураббий ёллаб нима қилдим», деганди шундай интервьюларининг бирида. Клавдия Дениснинг деярли барча учрашувларида унга елкадош бўлишга ҳаракат қилади. У Куэррини мағлуб этганда ҳам ва кеча Жокович устидан қозонилган ғалабада ҳам Истомина ўғлини юқоридан туриб қўллаб-қувватлаб турди. «Жамоамга, онамга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Она биз жуда яхши ишладик», деди Истомин кечаги буюк ғалабадан кейин.

Australian Open йўлланмасини тақдим этган миллиметрлар

Қандайдир миллиметрлар иш бермаганида бугун Дениснинг сенсацияси ҳақида гапириб ўтирмаган бўлардик. Гап шундаки, ўтган йилнинг декабрь ойида Австралия очиқ чемпионатиига wild card (асосий турга йўлланма) ютиб олиш учун Осиё ва Тинч океани минтақаси вакили сифатида ўтиш турнирида қатнашган Истомин аввалига ҳиндистонлик Пражнеш Гуннешваранга қарши кортга чиққанди.

Рақиб ўйинни ютиб олиш учун учталик матч болга эга бўлганида Истомин ўша матч болларни бартараф этишда битта зарбаси корт чизиғининг қанчадир миллиметрларини илиб қолади. Ҳамма аут бўлди деб кутиб турганида такрорий лавҳаларда Дениснинг зарбаси кортга тушгани кўрсатади. Кейинчалик ҳисобни тенглаштирган Истомин учинчи сетда 11:9 ҳисобида рақибини енгган, финал учрашувида эса кореялик келажаги порлоқ деб қаралаётган Док Хи Лидан устун келганди ва йўлланмани қўлга киритганди.

Топ-теннис
Денис Жоковичга қадар фақат бир марта АТР таснифида топ-10таликка кирган теннисчидан устун келган. 2012 йилда Индиан-Уэллсдаги турнирда ўша пайтда рейтингнинг 5-ўрнини эгаллаб турган Давид Феррерни мағлубиятга учратилганди. Истомин шунингдек бугунги кунда жаҳоннинг 4-рақамли ракеткаси бўлиб турган швейцариялик Стэн Вавринкани ҳам 2010 йилги Уимблдон мусобақасида мағлубиятга учратган. Бироқ у пайтлари Станислас эндигина бугунги муваффақиятли йўлига қадам ташлаётганди ва кўпчилик учун номаълум теннисчи эди.

Денис топ рақибларга қарши учрашувларда бошқа муваффақият қозонмаган бўлсада, уларга қарши учрашувларнинг алоҳида эпизодларида муносиб ўйини туфайли кўп бора эсга олинади. Мисол учун 2014 йилда Денис Истомин Новак Жоковичга қарши уч сетда бой берилган ўйинда айнан ҳал қилувчи сетнинг геймларидан бирини ажойиб тарзда ўтказгани учун «идеал ўтказилган гейм» унвонига муносиб кўрилганди. Бундан ташқари Рафаэл Надалга қарши US Open мусобақасидаги ўйинлардан бирида ижро этган зарбаси учун федерация томонидан музлатгич билан тақдирланган.

Денис асосий вақтини мусобақаларда ўтказишига қарамай, Москвада ҳам Тошкентда ҳам ўз уйига эга. Интервьюларининг бирида қаерда кўпроқ яшайсиз, деб берилган саволга у, «иккаласида ҳам кам бўламан, чунки асосан вақтим машғулотлар, мусобақалар, сафарлар билан ўтиб кетади. Дэвис кубоги вақтида эса Ўзбекистонда кўпроқ бўламан», деб жавоб берганди.