Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллерни қабул қилди. 

"Сизнинг Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш масаласига шахсий эътиборингизни юқори баҳолайман. Ўтган йили 2020 йилга қадар қабул қилинган мамлакат дастури учун миннатдорчилик билдираман", — деди Мирзиёев Мюллер билан бўлиб ўтган учрашувда.

Шунингдек, Президент Ўзбекистон ва ЖБ орасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. "Яқинда биз Жаҳон банки билан миллионлар (доллар) ҳақида гаплашган бўлсак, бугун миллиардлар ҳақида гаплашмоқдамиз", — деди Мирзиёев. 

Мюллер эса ўз навбатида Ўзбекистонда кичик бизнесни жадал ривожлантириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича яқинда қабул қилинган чора-тадбирлар ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Томонлар шунингдек, ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида фикр алмашишди, шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар. 

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши 2016 йилнинг июлида Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги концепциясини ишлаб чиқди. Хусусан, ЖБ Ўзбекистондаги умумий қиймати 4 миллиард доллар бўлган 27та устувор лойиҳа учун 3 миллиарддан ортиқ маблағни захирага сақлаб қўйган эди.

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1995 йилда аъзо бўлган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ушбу ташкилотдан хусусийлаштириш, молия соҳасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, электр энергетика, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларига мўлжалланган 33та лойиҳа учун умумий ҳисобда деярли 2,8 миллиард доллар кредит олган.