АҚШнинг янги ҳукумати мамлакатда ноқонуний истиқомат қилаётган ва аввал жиноят содир этган муҳожирларни депортация қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг янги маъмурияти томонидан эълон қилинган дастурда сўз юритилган. Дастур матни Оқ уй сайтига жойлаштирилган. 

"Ҳуқуқ-тартибот тизимини қўллаб-қувватлаш ўтмишда жиноят содир этган хорижий ноқонуний муҳожирларни депортация қилишни кўзда тутади", — дейилади Дональд Трамп лавозимига киришганидан кўп ўтмай эълон қилинган ҳужжатда. 

Президент Дональд Трамп, шунингдек, ноқонуний муҳожирлик ва жиноятчиликка қарши кураш мақсадида мамлакат чегараси бўйлаб девор қуради. 

"Президент Трамп ноқонуний муҳожирликка чек қўйиш, жиноятчилик ва зўровонликка барҳам бериш, гиёҳванд моддалар кириб келишини тўсиш мақсадида мамлакат чегараларида девор қуришни режалаштирган", — дейилади дастурда. 

Ҳужжатда таъкидланишича, Трамп "чегараларга доир Америка қонунчилигини мустаҳкамлаш, ноқонуний муҳожирлар учун бошпана бўлувчи шаҳарларни йўқотиш ва ноқонуний муҳожирлик билан боғлиқ қонунга бўйсунмаслик ҳолатларига чек қўйиш ниятида".

Дональд Трамп, шунингдек, Америка конституциясига киритилган иккинчи тузатишни қўллаб-қувватлайди. Мазкур тузатиш фуқароларнинг ўқотар қурол харид қилишига рухсат беради, деб хабар қилади Оқ уй матбуот хизмати. 

"Ҳуқуқ-тартибот идораларини қўллаб-қувватлаш, фуқароларимизнинг ўзларини-ўзлари ҳимоя қилишларига имкон беришни англатади. Биз Иккинчи тузатишни суд тизимининг барча даражасида маъқуллаймиз", — дейилади дастурда.