21 январь, шанба куни Англия премьер-лигасининг 22-турига старт берилади. Турнинг марказий учрашуви сўзсиз Манчестерда бўлиб ўтади. Барқарор футбол кўрсата олмаётган Гвардиола жамоаси, ақлбовар қилмас даражада юқори формага кирган Поччеттинонинг «Тоттенҳэм»ига қарши майдонга тушади. Шу ва турнинг бошқа ўйинлари анонси билан Tribuna.Uz таништириб ўтади

ЛИВЕРПУЛЬ — СУОНСИ 17:30 (UzReport, Матч! Футбол 1)

Премьер-Лига доирасидаги ўйинларда «Ливерпуль» ўз уйида, «Энфилд» бир йилдан ошиқроқ муддатда мағлубиятга учрамаяпти «Челси»ни қувишда давом этиш учун Юрген Клопп шогирдлари бу серияни давом эттириши керак бўлади. «Қизиллар» сўнгги тўққиз учрашувда рақиблари дарвозасига 26та гол киритишган. «Суонси» эса 13 учрашувнинг фақатгина биттаси ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган. Иккала жамоанинг чемпионатдаги ўйинларида ҳозирча уэльсликлар бирор марта ҳам ғалаба қозона олишмаган. «Ливерпуль» билан учрашувларда жамоаа уч дуранг 12 мағлубият қайд этган.

«Ливерпуль» ФИФА билан ҳимоячи Жоэль Матипнинг хизматидан фойдаланиш бўйича баҳслашишда давом этмоқда. Камерун Африка кубогида иштирок этаётган пайтда буни тўғри эмас деб ҳисобламоқда халқаро футбол иттифоқи. Икки ҳафтани ўтказиб юборган Натаниэль Клайннинг эса жароҳатдан қутулиб сафга қайтиши айтилмоқда. «Суонси» янги хариди Лусиано Нарсингх хизматидан фойдалана олмаса керак. Уни ҳамон жароҳат безовта қилмоқда. Аммо Мартин Олссен ва Том Кэрролл жамоада дебют қилишга тайёр бўлиб туришибди.

БОРНМУТ — УОТФОРД 20:00
Сўнгги учрашувларда  «Борнмут» ҳимояси жуда ёмон ўйин кўрсатмоқда, жамоа рақибларига қарши сўнгги 6 учрашувнинг бештасида 3тадан гол уриш имкониятини бериб қўйди. Шу билан бирга «Уотфорд»жа ҳам ҳаммаси жойида эмас —Вальтер Маццарри шогирдлари 10 декабрдан буён премьер-лига доирасидаги учрашувларда ғалаба нималигини билмай келишмоқда. Сўнгги 6 учрашувда жамоа бор йўғи икки марта гол ура олган. Барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда жамоанинг сўнгги 6 учрашувидан 5таси дуранг натижа билан тугаган.

«Борнмут» таркибида уч ойлик танаффусдан сўнг Льюис Кук майдонга туша олиши мумкин. Саймон Фрэнсис ҳамон дисквалифиция муддатини ўтамоқда. Марк Уилсон жароҳатидан тузалмаган. «Уотфорд»ни дарвозабон Эурельо Гомеснинг белида оғриқ сезаётгани хавотирга солмоқда. Дарил Янмаат эса сафга қайтишга тайёр. Адлен Гедиура эса Африка Кубогида иштирок этмоқда.

КРИСТАЛ ПЭЛАС — ЭВЕРТОН 20:00
Ўтган турда «Эвертон» «Манчестер Сити»ни ҳайратланарли ўйин кўрсатган ҳолда мағлубиятга учратди, чемпионлик учун курашаётган жамоа дарвозаси тўрт марта ишғол қилинди. Шанба кунги ўйинда «Кристал Пэлас» яхши формага кириб олган рақибини тўхтатишга ҳаракат қилади. Жамоа охирги марта ливерпулликлардан «Селхёрст Парк»да деярли 23 йил аввал мағлубиятга учраган. Сўнгги учта учрашувнинг иккитасида «Эвертон» «бургутлар» жамоаси дарвозасига ҳаттоки гол ҳам кирита олмаган.

 «Кристал Пэлас» лазаретини ниҳоят Скотт Данн, Жеймс Макартур ва Фрэйзер Кэмпбелл тарк этишди. Уилфрид Заа ва Бакари Сако ҳамон Африка кубогида иштирок этишмоқда. «Эвертон» посбони Маартен Стекеленбург ва ҳимоячи Лейтон Бэйнс жароҳатидан қутилаган. Асосий таркибда бу сафар Морган Шнайдерлен ва Адемола Лукман дебют қилиши кутилмоқда.

МИДЛСБРО — ВЕСТ ҲЭМ 20:00
Нурсиз дуранглар қайд этиш бўйича ҳозирча мутахассис бўлиб турган «Мидлсбро» хавфли зонада бор-йўғи 4 очко ажратиб турибди. Жамоа АПЛнинг 21 учрашувида 17 марта гол урган холос. «Челси»дан сотиб олинган Патрик Бэмфорд шу муаммоларни ҳал қилиши керак бўлади. «Вес Ҳэм» эса ўз навбатида яна бир бор Димитри Пайетсиз ҳам ўйнай олишини исботлаши керак бўлади. «Болғаурарлар» «Боро»га қарши сўнгги беш учрашувнинг бирортасида ютқазмаган, тўрттасида ғалаба қозонган.

«Мидлсбро» жароҳати сабаб Антонио Барраган ва Гастон Рамирес, дисквалификация туфайли Даниэль Айала майдонга туша олмайди. Патрик Бэмфорд дарҳол асосий таркибда дебют қилиши мумкин. «Вест Хэм» эса Сэм Байрам, Уинстон Рид ва Энди Кэрроллларнинг кичик жароҳатлари безовта қилмаслигидан умид қилмоқда. Пайет эса ҳамон жамоа билан аразлаб юрибди. Энди у жамоага қайтмаса ҳам керак.

СТОК СИТИ — МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД 20:00 (Матч! Футбол 1)

Мавсумни ёмон бошлаганига қарамай, «Сток» кейинги ўйинларни ишончли ўтказди ва ҳозирда хотиржам равишда 9-ўринни банд этиб турибди. «Манчестер Юнайтед» эса 6-ўринда, аммо бу ўринни Жозе Моуриньо учун қулай ўрин деб айтиб бўлмайди. «Ливерпуль» билан ўйиндаги дуранг жамоани ҳамшаҳарларини қувиб етишига тўсқинлик қилиб қолганди. «Юнайтед»га қарши уй учрашувларининг сўнгги учтасида стокликлар умуман мағлубиятга учрамаган.

«Сток» ҳужумчиси Боян Кркич кичик жароҳатидан қутулди. Рамазон Субҳий, Маме Бирам Диуф ва Вильфрид Бони ҳамон Африка кубогида иштирок этишмоқда. Аммо кеча жамоа янги ҳужумчи сифатида Саидо Бераҳинони сотиб олди. Футболчи бугун дебют қилиши мумкин. «Манчестер Юнайтед» Мемфис Депай билан бутунлай хайрлашиб бўлди. Эрик Байи Кот-д'Ивуар терма жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Қолган ўринларда жамоа оптимал таркибни ўйнатиши кутилмоқда.

ВЕСТ БРОМВИЧ — САНДЕРЛЕНД 20:00
Африка кубоги сабаб энг кучсизланган жамоа шубҳасиз «Сандерленд» бўлиб турибди. Натижада жамоа сўнгги тўрт учрашувда фақатгина бир очко тўплашга муваффақ бўлди. Саидо Бераҳинони ниҳоят сотиб юборган «Вест Бромвич» ўтган ҳафтада «Тоттенҳэм»дан қабул қилиб олинган йирик мағлубиятдан кейин ўзига келиб олиш учун ҳаракат қилади. Меҳмонлар премьер-лиганинг сўнгги 14 учрашувдан фақатгина биттасида «Сандерленд»дан мағлубиятга учраган.

«Вест Бромвич» сотишдан ташқари сотиб олишни ҳам уддаламоқда. Учрашувгача жамоа Жейк Ливерморни рўйхатдан ўтказишга улгурди ва футболчи майдонга туша олиши мумкин бўлади. Жонни Эванс ва Аллан Ньомнинг ўйиндаги иштироки сўроқ остида қолмоқда. «Сандерленд» яримҳимоячиси Жек Родуэлл кичик жароҳатдан қутулиб олди. Стивен Пиенаар ва Виктор Аничебе эса ҳамон жароҳат туфайли ўйнай олмаяпти.

МАНЧЕСТЕР СИТИ — ТОТТЕНҲЭМ 22:30 (UzReport, Матч! Футбол 1)

Турнинг марказий учрашувига «Манчестер Сити» аламли мағлубият билан етиб келмоқда. Жамоа ўтган ҳафтада «Эвертон»дан қақшатқич зарба қабул қилиб олган. Хосеп Гвардиола тезда ўзига келиб олиши талаб этилади. Акс ҳолда жамоа етакчиларни қувиб етиши жуда қийин бўлиб қолади, боз устига жамоани пастдан таъқиб қилиб келаётган ҳамшаҳарлари ҳам қувиб ўтиши мумкин. Аммо юқорида эслаб ўтганимиздек «Тоттенҳэм» ҳозир жуда яхши спорт формасига чиқиб олган. Жамоа ўзининг рекорди бўлган олтита учрашувда кетма-кет ғалаба қозонди. Икки жамоанинг сўнгги учта учрашувининг барчасида «шпор»ларнинг қўли баланд келган.

«Сити»да бразилиялик Габриэл Жезус дебют қилиши мумкин. Фернандо кичик жароҳатидан сўнг сафга қайтди, аммо Фернандиньо ҳамон дисквалификация муддатини ўтамоқда. Яқин олти ҳафтада «Тоттенэм» жароҳати сабаб Ян Вертонген хизматидан фойдалана олмайди. Шунингдек Эрик Ламела ҳам жамоа лазаретида қолмоқда.

САУТҲЕМПТОН - ЛЕСТЕР (22 январь, Матч! Футбол 1)

«Лестер» сўнгги уч учрашувда ўз уйида рақибни енгишга муваффақ бўлган, аммо меҳмонда натижа бошқачароқ ва устунлик «Саутҳемптон» тарафда бўлиб турибди.

«Лестер» таркибида Нампалис Менди сафга қайтиши кутилмоқда Слимани ва Риёз Маҳрез эса Африка кубогида иштирокини давом эттирмоқда. «Саутҳемптон»ни эса ўйин олдидан асосий ҳимоячиси  Жозе Фонте тарк этди. Футболчи энди «Вест Ҳэм» шарафини ҳимоя қилади.

АРСЕНАЛ — БЁРНЛИ  (22 январь, Матч! Футбол 1)

Чемпионлик учун курашни давом эттираётган Арсен Венгер жамоаси учун бу сафар меҳмонда жуда ёмон, ўз уйида жуда яхши ўйин кўрсатаётган «Бёрнли» рақиб бўлади. «Бёрнли» ҳозирча ўз уйида қанчалик зўр ўйин кўрсатаётган бўлса, меҳмонда жуда ёмон ўйнамоқда. Бундан ташқари жамоа мана 42 йилдирки «Арсенал» устидан ғалаба қозона олмаяпти.
«Арсенал» лазаретида Карл Женкинсон, Пер Мертезакер, Габриэль Паулиста, Франсис Коклен ва Санти Касорла қолмоқда. Меҳмонларда эса бу борада муаммога деярли дуч келмаган.

ЧЕЛСИ — ҲАЛЛ СИТИ (22 январь, UzReport, Матч! Футбол 1)

Биринчи даврадаги ўйингача бу икки жамоа ўзаро 18 ой муқаддам рўбарў келган, ўшанда «Челси» 2:3 ғалаба билан қайтиб мамлакат чемпионига айлангнади. Сўнгги марта «Ҳалл» «Челси»ни 1988 йилнинг октябрида мағлубиятга учратган.

«Челси»да жароҳати сабаб Курт Зума ҳамон сафга кўриниш бермаяпти.

Ўтган ҳафтада муаммолар гирдобига ўралашиб қолган Диего Коста бу учрашувда сафга қайтиши кутилмоқда.