Пауэрлифтинг бўйича спорт устаси, куч кўпкураши бўйича Бутунроссия мусобақаларининг кўп карра ғолибаси Оксана Кошелева 20 градус совуқда иккита трамвай вагонини жойидан силжитиб, бир неча метр рельслар бўйлаб торта олди, деб хабар бермоқда РИА Новости ахборот агентлиги мухбири.  

Аввалроқ "Қоя" лақабли Кошелева 17 тонналик трамвай вагонини, сўнгра 16 тонналик КамАЗни ва 8,5 тонналик Ми-8 вертолётини жойидан силжита олганди. 2016 йил июлда у  яна бир спортчи Анастасия Москалева билан 64 тонналик Kalmar Global юк кемасини бир неча метрга торта олганди.

Бироқ бу галги юк – иккита трамвай вагони 42 тоннага яқин келган. Баҳодир аёл уларни олқишлар остида бир неча метр сура олган. Рекордчи аёл дунёда биринчи бўлиб бундай кескин иқлим шароитлари – 20 градус совуқда буни қила олди. Спортчининг журналистларга айтишича, у самолёт ёки океан лайнерини жойидан қўзғатишни орзу қилмоқда. 

"Одатда биз трамвай депосида машқ қиламиз. Биздан кўпинча "шу сизларга нима учун керак?" деб сўрашади. Шунчаки менда мақсад бор – мен жаҳон рекорди ўрнатиб, Гиннесс рекордлар китобига қирмоқчиман", деб айтмоқда Оксана. 

Спортчи самолётни жойидан қандай силжитиш борасида тасаввурга эга, бироқ пароходларни силжитиш билан энди танишишига тўғри келади.