20 январда италиялик қутқарувчилар 18 январда кучли қор кўчкиси остида қолган Rigopiano меҳмонхонасида 10 нафар тирик одамни топишга муваффақ бўлдилар. Бу ҳақда Италия фуқаролик мудофааси миллий хизмати бошлиғи Фабрицио Курчо маълум қилди.  

Маълум қилинишича, 5 киши – бир аёл ва 4 бола қор остидан чиқариб олинган, яна 5 киши чиқариб олиниши керак.  

Фавқулодда вазият 18 январда Гран-Сассо тоғ массивида кечки вақт юз берган. Шу куни Марказий Италияда юз берган кучли зилзилалар оқибатида содир бўлган қор кўчкиси меҳмонхонани босиб қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, у ерда 34 киши: 22 нафар яшовчилар, 8 нафар ходим ва 4 нафар меҳмон бўлган.

Маълум қилинишича, айни кунга келиб Италияда ёмон об-ҳаво шароити туфайли 5 киши, жумладан Rigopiano меҳмонхонасидаги фожиада 2 киши ҳалок бўлган.

Меҳмонхонада қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда.