Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташриф давомида Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашув ўтказди.

Йиғилишда бош вазир ўринбосарларига белгиланган вазифалар бўйича жойларга чиқиб, уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиш, сўнгра телевидение орқали шу ишлар орқали тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш вазифаси юклатилди. Ҳар бир бош вазир ўринбосарига учтадан туман ажратиб берилди. Бу ҳақда Kun.uz’нинг йиғилишда иштирок этган манбаси хабар берди.   

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги катта марказ ишга туширилиши маълум қилинди. У Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигига қуриб битказилиши белгилаб қўйилди. Марказ замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, объект қурилишидан олдин харид қилинади. Шунингдек, бир қатор чет эл давлатларидан етакчи олимларни жалб қилиш орқали маҳаллий ёшларга таълим бериш жараёни ҳам йўлга қўйилади. 

Йиғилишда участка профилактика инспекторларига хизмат уйлари қурилиши ҳақида ҳам сўз юритилди. Шунингдек, инспекторларга хизмат машинаси сифатида “Матиз” автомобили тақдим этилади.