2017 йил 19 январда Нукус шаҳрида 2016 йил якунлари ва 2017 йилда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бошқарган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

2016 йилда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш юзасидан олиб борилган ишлар самарасида иқтисодиётнинг барча соҳаларида изчил ўсиш таъминланди. Хусусан, энергетика, қурилиш, кимё, енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида таркибий ўзгаришларга эришилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувида билдирган фикрлари асосида аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. Аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва навқирон авлод тарбиясини янада яхшилаш мақсадида 168 мингга яқин болага бепул дармондорилар тарқатилиб, ҳомиладор аёллар ва боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд фуқаролар учун патронаж хизмати кўрсатилаётгани ўз самарасини бераётир. Замонавий, арзон ва ихчам турар жойлар қуриш, электр энергияси ва табиий газ таъминотини яхшилаш масаласи доимий эътиборда.

2017 йилда Мўйноқ туманида 101 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилиши кўзда тутилмоқда. 1 триллион сўмдан зиёд маблағ эвазига амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар асосида 15 минг янги иш ўрни яратилади.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2016 йилда 57 фоизни ташкил этди. Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ, 50 мингга яқин иш ўрни яратилди. Жорий йилда 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган.

Йиғилишда айрим соҳаларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов сўзга чиқди.